ЖССТ пандемия фонида қандай касалликлар эътибордан четда қолаётганини маълум қилди
Саломатлик
−
03 Июнь 2021
4803Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирус пандемияси фонида дунё миқёсида руҳий саломатлик ҳолатининг ёмонлашишидан хавотирда ва ўз саъй-ҳаракатларини аҳоли фаровонлигини оширишга қаратмоқчи. Бу ҳақда ЖССТнинг Европа бўйича минтақавий бюроси раҳбари Ханс Клюге маълум қилган.
“Мен руҳий саломатликнинг ёмонлашиши параллель пандемиясидан жуда ташвишдаман. Биламизки, ҳар икки ўспириннинг бири хавотир, депрессия ёки ўз жонига қасд қилишга мойил. Шунинг учун ЖССТ руҳий саломатликка қаратилган ҳаракатларни уч баравар оширишни ва аҳоли фаровонлигига эътибор қаратишни режалаштирмоқда”, деган у.
Шунингдек, Клюге пандемия пайтида кўплаб хавфли касалликлар тегишли назорат ва даволанишсиз қолдирилганидан хавотирда эканини билдирган.
“Чунки бутун дунё эътиборини COVID-19 га қаратган. Буни тушунса бўлади. Аммо бошқа касалликлар ҳақида нима дейиш мумкин? Масалан, дунёнинг ҳар учинчи давлатида саратон текшируви тўхтатилганини биламиз. Бу болалар, аёллар, эркаклар саратон касаллигидан ўлишини англатади”, деган ЖССТ бюроси раҳбари.
Аввалроқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус дунёда янги ҳалокатли вирус пайдо бўлишини башорат қилганди.