ЖССТ коронавирусга қарши қанча маблағ сарфлашини маълум қилди
Олам
−
05 Февраль 2020
6687Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) яқин уч ой ичида янги коронавирус тарқалишига қарши курашиш учун 61,5 миллион доллар сарфлайди. Бу рақам ЖССТнинг Женевада бўлиб ўтган Ижроия қўмитаси йиғилишида эълон қилинди, деб хабар бермоқда “РИA Новости”.
Ушбу маблағнинг 4,5 миллион доллари тадқиқот ва инновациялар учун керак бўлади. Мамлакатларнинг эпидемияга тайёрлигини баҳолаш учун ўн баравар кўпроқ - 45 миллион доллар сарфланади. Яна 12 миллион доллар вирус тарқалишига қарши курашиш учун халқаро мувофиқлаштиришга сарфлаш режалаштирилган.
Маълумот ўрнида, коронавируснинг тарқалиши биринчи марта 2019 йил декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида қайд этилди. Умуман олганда, дунёда 20 мингдан ортиқ инфекция юқтирганлар аниқланган. 427 киши ушбу вируснинг қурбонига айланди, 727 нафари тўлиқ даволанди. Хитойдан ташқари, касаллик ҳолати 20 дан ортиқ мамлакатда қайд этилди.
Аввалроқ, Хитойнинг Ухань шаҳридан келган махсус чартер рейс Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига қўнгани, самолётда 84 нафар йўловчи, экипаж аъзолари, шунингдек, тиббиёт ходимлари ва замонавий ҳимоя воситалари билан таъминланган вирусология соҳаси мутахассислари борлиги ҳақида хабар берган эдик.
Ундан олдин, Хитойнинг Пекин шаҳридан ҳам 250 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб келингани, уларда коронавирус аниқланмагани маълум қилинган эди.