ЖССТ Эболага қарши янги вакциналарни синовдан ўтказади
Олам
−
29 Май 488 2 дақиқа
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Эбола вирусининг Бундибугио штаммига қарши қўлланилиши мумкин бўлган бир қатор экспериментал дорилар ва вакциналарни клиник синовлардан ўтказишни тавсия қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, ЖССТ учта асосий даволаш воситасини устувор деб топган. Улар – Mapp Biopharmaceutical компанияси ишлаб чиққан MBP134 препарати, Regeneron компаниясининг мафтивимаб дори воситаси ҳамда Gilead Sciences компанияси ишлаб чиққан ремдесивир антивирус препаратидир.
Ташкилот ушбу дорилар ва бошқа номзод вакциналарни клиник синовлар орқали баҳолаш зарурлигини билдирган. ЖССТ ва мустақил экспертлар уларнинг самарадорлиги бўйича етарли маълумот тўплаш устида ишламоқда.
Мазкур тавсиялар Конго Демократик Республикасида Эбола тарқалиши давом этаётган ва Уганда ҳудудида ҳам касаллик ҳолатлари қайд этилган бир пайтда маълум қилинган. ЖССТ маълумотига кўра, ҳозирча Эболанинг Бундибугио штаммига қарши махсус тасдиқланган вакцина ёки даволаш усули мавжуд эмас.
Regeneron компанияси мафтивимаб препарати аллақачон Конго ҳудудига етказилганини ва ЖССТ истаса уни зудлик билан даволашда ёки тадқиқотларнинг қўшимча қисми сифатида қўллаши мумкинлигини билдирган.
Профилактика мақсадида эса Gilead компаниясининг обелдесивир номли тажриба антивирус препарати устувор восита сифатида кўрсатилган. У Эбола юқтирган беморлар билан алоқада бўлганларга қўлланилиши мумкин. Бироқ унинг самарадорлиги контактларни аниқлаш тизими қай даражада ишлашига боғлиқ бўлади.
Вакциналар орасида International AIDS Vaccine Initiative ташкилоти ишлаб чиқаётган бир марталик rVSV Bundibugyo вакцинаси энг истиқболли номзод сифатида баҳоланган. Аммо ЖССТ унинг клиник синовлари яна етти-тоққиз ой ичида бошланиши мумкинлигини маълум қилган.
Шунингдек, Оксфорд университети ҳамда Ҳиндистоннинг Serum Institute компанияси томонидан ишлаб чиқилган ChAdOx1 Bundibugyo вакцинаси икки-уч ой ичида синовларга тайёр бўлиши мумкин. Бироқ бунга қўшимча тадқиқотлар талаб этилади.
ЖССТ мутахассислари Merck компаниясининг Ervebo вакцинаси имкониятларини ҳам кўриб чиққан. Ушбу вакцина Эболага қарши лицензияланган ягона препарат ҳисобланади, бироқ Бундибугио штаммига қарши ҳимоя даражаси бўйича далиллар ҳали етарли эмаслиги айтилган.
ЖССТ ҳозирда Конго ва Уганда расмийлари ҳамда Africa CDC ташкилоти билан ҳамкорликда қатъий меъёрлар асосида клиник синовларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш устида ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Конго Демократик Республикасининг Монгбвалу шаҳрида Эбола безгаги билан касалланганлар даволанаётган шифохонада жиддий тартибсизлик юз берганди. Маълумотларга кўра, жасадлар яқинларига берилмагани сабабли норозилик кучайиб, маҳаллий аҳоли тиббий марказга ҳужум қилган. Оқибатда камида 25 нафар бемор шифохонадан қочиб кетган.
Live
Барчаси