ЖССТ Беларусга карантин жорий қилишни маслаҳат берди. Лукашенко бунга кўнмади

Олам

image

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Беларусь ҳукуматига коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун карантин жорий этишни тавсия қилди. Мамлакат Президенти эса халқаро ташкилотнинг ушбу маслаҳатини қабул қилмаслигини маълум қилди.

“Улар (ЖССТ) бизни яхши кўришмайди. Бу халқаро ташкилот сиёсий ташкилотдир. Уларнинг мамлакатга ташриф буюрган миссияси ҳамма жойга, ҳатто мен кутмаган бўлимларга ҳам боришди. Улар бизга карантин бўйича жуда кўп нарсани маслаҳат беришди“, дейди Лукашенко.

Беларусдаги миссиядан сўнг, ЖССТ коронавирус тарқалиши нуқтаи назаридан Республика ҳукумати учун тавсиялар рўйхатини эълон қилди. Улар касаллик аҳоли бўйлаб тарқалишидан хавотирда.

“Беларусда эълон қилинган CОВИД-19 ҳолатлари сони тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. 20 апрелгача 6264 та ҳолат қайд этилган. Мамлакатда CОВИД-19 тарқалиши аҳоли ўртасида юқиш босқичига ўтаётганлиги сабабли, ҳукумат ижтимоий масофа сақлаш чораларини кўриши керак“, дейилади ташкилотнинг веб-сайтида эълон қилинган хабарида.

ЖССТ таъкидлаганидек, ижтимоий масофа сақлаш чора-тадбирлари оммавий, жумладан, спорт, диний ва маданий тадбирларни бекор қилишни, шунингдек коронавирус билан касалланган одамларни ва улар билан мулоқот қилганларни карантинга жойлаштиришни ўз ичига олади. Бундан ташқари, ЖССТ мактаблар, университетлар ва бошқа ўқув муассасаларига масофавий ўқитиш тизимига ўтишни тавсия қилади.

Шунингдек, ташкилот Беларусь ҳукуматига “аниқ, ошкора ва мунтазам равишда“ жамоатчиликни хатарлар, соғлиқни сақлаш бўйича тавсиялар ва коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятга қарши чоралар тўғрисида хабардор қилишни тавсия қилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Беларусда коронавирус билан боғлиқ 6 264 та ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг 514 нафари соғайган, 51 нафари эса вафот этган. Мавжуд беморлар сони 5 699 кишини ташкил қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖССТ Карантин Коронавирус Беларусда

Баҳолаганлар

121

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг