Жошуа автоҳалокатдан сўнг машғулотларга қайтди
Спорт
−
16 Январь 815 2 дақиқа
Британиялик оғир вазн тоифасидаги машҳур профессионал боксчи Энтони Жошуа икки кишининг ҳаётига зомин бўлган йўл-транспорт ҳодисасидан кейин машғулотларга қайтди. Бу ҳақда боксчи ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Ҳодиса ўтган йилнинг 29 декабрь куни Нигерияда содир бўлган. Боксчи ичида бўлган Lexus автомобили Лагосдан Сагаму шаҳрига кетаётган вақтда йўл четида турган юк машинасига бориб урилган.
Нигерия йўл ҳаракати хавфсизлиги вакили, полиция қўмондони Бабатунде Акинбийининг айтишича, дастлабки тергов хулосалари фожиа сабабини аниқлаган:
“Тезлик ҳаддан ташқари юқори бўлгани сабабли автомобиль шинаси ёрилиб кетган ва бошқарувни йўқотган. Оқибатда йўл-транспорт ҳодисаси юз берган.
ЙТҲ пайтида Энтони Жошуа ҳайдовчининг орқа ўриндиғида бўлган. Бахтли тасодиф туфайли боксчи ва ҳайдовчи омон қолган, бироқ ҳодиса оқибатида икки киши вафот этган.Турли даражадаги жароҳатлар олган Жошуа Нигериянинг Лагос шаҳрида шифохонага ётқизилган ва 2025 йил 31 декабрь куни уйига жавоб берилган.
Воқеадан 19 кун ўтиб, Жошуа ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида машғулот жараёни акс этган видеоларни жойлади. Видеолардан бирига у “Руҳий чидамлилик терапияси” дея изоҳ қолдирган.
Маълумот учун, Энтони Жошуа профессионал фаолияти давомида 29 та ғалаба ва 4 та мағлубият қайд этган. У IBF, WBA, WBO ҳамда IBO йўналишлари бўйича жаҳон чемпионлик камарларини қўлга киритган.