Жоковичнинг ракеткаси кимошди савдосида рекорд нархга сотилди
Спорт
−
13:07 932 2 дақиқа
Сербиялик теннис афсонаси Новак Жоковичнинг 2012 йилги Австралия очиқ чемпионати финалида фойдаланган ракеткаси кимошди савдосида 540 000 долларга сотилди. Бу ҳақда SCP Auctions хабар беради.
2012 йилги “Australian Open” финалида Жокович испаниялик теннис юлдузи Рафаэль Надални 5 сет натижасига кўра, 5/7, 6/4, 6/2, 6/7, 7/5 ҳисобида мағлуб этган ва кортда жами 5 соат 53 дақиқа вақт сарфлаган. Бу “Катта дубулға” финали тарихидаги энг узун учрашув ҳисобланади.
ESPN маълумотларига кўра, бу нарх кимошди савдоси тарихидаги теннис аксессуарлари учун рекорд ҳисобланади. Олдинги рекорд 173 000 доллар бўлиб, испаниялик Карлос Алькараснинг 2023 йилги Уимблдон финалида Жоковични мағлуб этиб, турнирдаги биринчи совринини қўлга киритиш учун ишлатилган ракеткага тегишли эди.
Маълумот учун, 38 ёшли Жокович профессионал фаолияти давомида жами 24 та “Катта дубулға” турнирида ғалаба қозонган (Австралия очиқ чемпионатида 10 марта, Уимблдонда 7 марта, АҚШ очиқ чемпионати 4 марта, “Ролан Гаррос”да 3 марта). Бу эркаклар яккалик баҳсларида рекорд кўрсаткич ҳисобланади.
Шунингдек, Жокович Олимпия чемпиони (2024), Олимпия бронза медали совриндори (2008) ва Дэвис кубоги (2010) соҳиби ҳам ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 февраль куни Жокович “Australian Open” финалида Карлос Алькарасга мағлуб бўлиб, фаолиятида биринчи марта Мельбурнда турнирнинг ҳал қилувчи ўйинида ютқазган эди.
Live
Барчаси