Жиззахдаги “Айдар-Арнасой” кўллар тизими қирғоғида туризм маркази қурилади
Жамият
−
23 Июль 9627 3 дақиқа
Жиззах вилоятида “Айдар-Арнасой” кўллар тизими қирғоқ бўйида ҳам замонавий туризм маркази барпо этилади. Бу ҳақда кеча, 22 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев Жиззахга ташрифи давомида танишган вилоятда амалга оширилиши режалаштирилган янги лойиҳалар тақдимотида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Жиззахнинг турфа табиати, тоғли ва чўл ҳудудлари йилнинг тўрт фаслида ҳам саёҳат қилиш имконини беради. “Зомин” туристик-рекреацион зонаси, Зомин аэропорти ва янги йўллар бу имкониятларни кенгайтирган. Йирик 6 та канал бўйида сайилгоҳлар ташкил қилинган. Энди “Айдар-Арнасой” кўллар тизими қирғоқ бўйида ҳам замонавий туризм маркази барпо этилади.
“Туманларга саноатни олиб кириб, одамларни ишли қилишга ҳаракат қиляпмиз. Илгари дашт бўлган жойларда замонавий корхоналар пайдо бўляпти. Одамларимиз ҳунаридан, томорқасидан ҳам даромад топаяпти. Лекин бу бугунги натижа. Янги авлод етишиб келяпти, ёшларимизнинг билими, талаби ошиб боряпти. Уларнинг ишлаши, яхши яшаши учун ҳозирдан замин яратишимиз керак. Агар имкониятлардан тўғри фойдаланилса, Зомин тумани ишсизликдан холи ҳудуд бўла олади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Маълумки, Кўкдала туманининг янги марказида санъат саройи, санъат мактаби, умумтаълим мактаби ва спорт мажмуаси ёнма-ён барпо этилмоқда. Давлат раҳбари бу болаларга қулай бўлишини таъкидлаб, келгуси лойиҳаларда шуни қўллаш зарурлигини айтган эди. Энди шу тажриба асосида Зомин туманида ҳам маданият саройи ва санъат мактаби қурилиши режалаштирилган. Маданият саройи 300 ўринли бўлиб, туман марказидаги 45 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Бу ерда “Зомин сайқали” фольклор-этнографик жамоаси, 13 та тўгарак фаолият юритади.
Мутасаддиларга ушбу режалар ижроси, ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожи бўйича топшириқлар берилди. Шу билан Президентнинг Жиззах вилоятига ташрифи якунланди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили озарбайжонлик хонанда ва ишбилармон Эмин Агаларов Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудида Чорвоқ сув омбори бўйида “Sea Breeze Uzbekistan” халқаро туризм маркази барпо этиш истагини билдирганди. У жорий йил 14 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга халқаро туризм марказининг мастер-режасини тақдим қилди. Бироқ ушбу лойиҳа ижтимоий тармоқларда ва кенг жамоатчилик орасида жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда. Фаоллар бу лойиҳа экологияга зарар етказиши ва Тошкент шаҳри учун муҳим бўлган ичимлик суви манбасига таҳдид солиши мумкинлигидан хавотирда. Шу эътирозлар фонида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда тадбиркор Эмин Агаларов Озарбайжондаги Sea Breeze Baku мажмуасида ташкил этилган пресс-тур давомида ўзбекистонлик ОАВ вакилларига “Чорвоқ”да қурилиши айтилаётган туристик зона экологияга салбий таъсир ўтказмаслигини айтди.
Live
Барчаси