Талаш бўлаётган “Чорвоқ” хавф остидами?
Жамият
−
11 Июль 29900 5 дақиқа
Озарбайжонлик тадбиркор Эмин Агаларовнинг “Agalarov Development” компанияси Тошкент вилоятидаги “Чорвоқ” сув омбори соҳилида Sea Breeze Uzbekistan номли йирик туристик мажмуани қуришни режалаштирмоқда. Бироқ ушбу лойиҳа ижтимоий тармоқларда ва кенг жамоатчилик орасида жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда. Фаоллар бу лойиҳа экологияга зарар етказиши ва Тошкент шаҳри учун муҳим бўлган ичимлик суви манбасига таҳдид солиши мумкинлигидан хавотирда.
Хусусан, экоблогер Oʻrikguli (Мўътабар Хушвақтова) ўзининг Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси ҳақидаги экспертлар ва инфлюенсерлар фикрларини жамлаган видеоси билан катта резонанс уйғотди. Instagram’da 1,4 миллиондан ортиқ кўрилган ушбу видеода у агар қурилиш жараёнида хатоликларга йўл қўйилса ёки Чорвоқ сув омбори ифлосланса, Тошкент аҳолиси ягона ичимлик сув манбаидан маҳрум бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Шу билан бирга, Экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев ҳам ушбу лойиҳага кескин қарши эканини билдирди.
“Чорвоқ сув омборининг атрофида ҳар қандай қурилиш бўлишига қаршиман. Нафақат Sea Breeze, балки ўша ерга яқин меҳмонхоналар, алоҳида дам олиш жойларини ташкил қилиниши ва унинг устида ҳар хил қайиқларда учиш ва бошқа кўнгилочар ҳаракатларни амалга оширишга ҳам тўлиқ қаршиман. Чорвоқни қанча кўп асраймиз, шунча кўпроқ яшаймиз, қанча биз уни ифлослаймиз, қанча асраб-авайламаймиз, шунча ўзимизникилар, келажагимиз бу жойларни ташлаб кетишга мажбур бўлади”, дейди собиқ депутат.
Шу эътирозлар фонида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда тадбиркор Эмин Агаларов Озарбайжондаги Sea Breeze Baku мажмуасида ташкил этилган пресс-тур давомида ўзбекистонлик ОАВ вакилларига “Чорвоқ”да қурилиши айтилаётган туристик зона экологияга салбий таъсир ўтказмаслигини даъво қилмоқда.

Эмин Агаларов Ўзбекистонда “Чорвоқ” сув омбори бойида қурилиши кутилаётган курорт лойиҳасига қарши чиқаётган фаоллар билан кузатилаётган ҳолат аввал Озарбайжонда ҳам Sea Breeze Baku лойиҳаси доирасида юз бергани, аммо ушбу проект муваффақиятли якунлангани билан ўзини оқлади ва Ўзбекистонда ҳам шундай бўлишига ишонишини, маҳаллий аҳоли учун бу ерларга кириш бепул қилиниб, улар бу ерда вақтини чоғ ўтказишини айтди. Озарбайжонлик йирик тадбиркор Араз Агаларовнинг ўғлига кўра, Sea Breeze Baku курортига келган меҳмонларга махсус билагузук берилади ва бу пляждан бепул фойдаланиш имконини яратади. Бу ёндашув бошқа Sea Breeze лойиҳаларида ҳам, хусусан “Иссиқкўл” ва “Чорвоқ”да қўлланилиши айтилди.
“Биласизми, биз бу йўлдан аллақачон Озарбайжонда ўтганмиз. Sea Breeze лойиҳасини бошлаганимизда, айнан шундай саволлар бизда ҳам пайдо бўлган: пляж билан нима бўлади, ёпиладими, очиқ қоладими, нима қурилади? Биз бу босқичдан жуда муваффақиятли ўтдик, ҳозир Sea Breeze – бу Озарбайжонда нуфузли объектлардан бири, маҳаллий аҳоли ҳам бу ерга бемалол кела олади. Мисол учун яқин-атрофда яшовчи аҳоли, хусусан Нордарон, Курдахани ҳудудидан бўлган турғунлар бу ерга бутунлай бепул кириш ҳуқуқига эга”, деди у.

Тадбиркор, шунингдек, “Чорвоқ” сув омбори аллақачон экологик муаммоларга дуч келаётганини таъкидлаб, канализация чиқиндилари бевосита сувга тушаётганини қайд этди. У бу муаммони ҳал қилиш учун атрофга коллектор қувурлари ётқизишни таклиф этганини, бу тизим Озарбайжонда самара берганини билдирди. Лойиҳа 500 метр масофада қурилиши режалаштирилган бўлиб, пуллик ва бепул пляжлар аҳолига бирдек хизмат кўрсатади. Ҳудудга автомобиллар киритилмайди, бинолар қуёш панеллари билан таъминланади.
“Экология масаласига келсак, изоҳлар ичида “сувни ифлос қиласизлар” деган эътирозлар кўп. Аммо ҳақиқат шуки, “Чорвоқ” аллақачон хавф остида. Сув сифати йилдан-йилга ёмонлашмоқда: канализация чиқиндилари йиғилмайди, тартибсиз қурилиш кетяпти, ҳозирда Шамбо тизими (тупроққа ҳожатхона суви кетадиган тизим) мавжуд. Биз экологик тоза материаллардан фойдаланамиз. Қурилишдан олдин ва фойдаланишга топшириш чоғида ҳужжатли текширувлардан ўтамиз. Пляжда фақат пиёдалар йўлаклари, велосипедлар ва гольфкарлар бўлади. Қолаверса, 45 та бино томига қуёш панеллари ўрнатамиз”, дейди Агаларов.

Шунингдек, у нега айнан “Чорвоқ” танланганига аниқлик киритиб, канализация муаммосини бартараф этиш, 10 миллион дарахт экиш ва лойиҳани экологик, ёнғинга қарши ва шаҳарсозлик талабларига мувофиқ амалга оширишга ваъда берди. Унга кўра, шунга ўхшаш лойиҳалар Қозоғистон, Туркия ва Черногорияда ҳам амалга оширилмоқда.
Вазир Азиз Абдуҳакимов эса лойиҳа қуриб битказилганидан сўнг Ўзбекистон томонидан бошқарилиши, шу билан бундай проект қилинмаслигини, лойиҳа амалга ошса одамлар пулларини чет элда дам олиб эмас, ўзимизда сарфлашини айтди.
“Биринчидан, йилига тахминан шу 2 миллиард доллар атрофида бизнинг фуқароларимиз четга бориб, шу пулни ташлаб келяпти. Бу пуллар қисман, албатта, Ўзбекистонда қолади. Ўзимизнинг аҳолимиз учун ҳам шароитлар яратилади. Иккинчидан, умумий олганда битта принципга асосланардимки, шу ҳамма ёққа қуриб ташлагандан кўра битта жойда қурайлик. Йиғиштириб қўйиш керак бошқа қурилишларни”, деди вазир.
Шунингдек, кўпчиликда норозиликка сабаб бўлаётган нарса – “лойиҳа бойлар учун бўлади, оддий аҳолининг чўнтаги кўтармайди”, деган гап-сўзларга ҳам аниқлик киритилди. Вазирнинг тушунтиришича, дам олиш маскани оммабоп бўлади.

“Энди даромад кўриш учун барибир бойларни жалб этадиган жой бўлиши керак. У сиз, мисол учун, даромад кўра олмайди ҳам, бу ўзини оқламайди ҳам. Бу биринчиси. Иккинчиси, барибир ҳам, оммавий туризмга шароит яратиб бермаса, ҳеч ким келмайди. Бу ерда ҳаёт қайнаши учун тўртта бой билан ҳеч нарса бўлмайди. Бу, мисол учун, тўртта бойлар учун қиладиган бўлса, унақа катта жой керак эмас. Бизда ўзи, очиғини айтганда, шунча бой ҳам чиқмайди 500 гектарга шунча жойни сотиб олишга. Шунинг учун бу ерда массовий сегмент ҳам бўлади, оммавий сегмент ҳам бўлади. Шу оддий, ўзимизнинг оддий ўқитувчи, оддий, айтайлик, докторми ёки шу тиббиёт ходимими, бемалол келиб кетадиган жой бўлади. Жуда ҳар бир вилоятдан ҳам келиб ололмаса ҳам, лекин Тошкент аҳолиси учун бу бемалол тортадиган шароит”, деди Азиз Абдуҳакимов.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь