Жиззахда босқинчилик ва кекса ёшдаги фуқаронинг ўлимида гумонланаётганлар ушланди

3-саҳифа

image

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида босқинчилик жиноятини содир этишда гумонланаётганлар ушланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, 2023 йил 18 ноябрь куни тунда уч нафар номаълум шахс Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Оқтом маҳалласида яшовчи етмиш ёшли фуқаронинг уйига бостириб кирган.

У ердан пул ёки қўлга илингулик бирор нарса тополмагач, хонадон эгаси ва унинг турмуш ўртоғига зўрлик қилиб, бойликларини қаерда сақланишини сўраган. Бу ҳам етмагандай кекса ёшдаги эркак ва аёлга оғир тан жароҳатлари етказиб, воқеа жойидан яширинишган.

Оқибатда 70 ёшли эркак ва унинг хотини Ғаллаорол тумани марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай эркак олти кундан сўнг вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиззах вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида босқинчилар аниқланган.

Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани Сарибоши ва Пўлатчи маҳаллаларида яшовчи 1991, 1994 ва 1998 йилларда туғилган йигитлар ҳамда жабрланувчи билан битта маҳаллада яшовчи 36 ёшли шахс процессуал тартибда ушланган.

Маълум бўлишича, гумонланувчилар қилмишларини яшириш мақсадида фойдаланилган ниқоблар, қўлқоплар ва темир бўлагини Паст Дарғом тумани Дўрмонсой маҳалласидан оқиб ўтувчи каналга ташлаб юборган. Шунга қарамай, ИИБ ходимлари томонидан улар топилиб, ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилган.

Билдирилишича, гумонланувчи 4 нафар шахсга Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в”, “г” бандлари билан айблов эълон қилинган.

Ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИВ Жиззах

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг