Жиззахда босқинчилик билан шуғулланган жиноий тўда қўлга олинди
3-саҳифа
−
03 Июнь
10408Жиззах вилоятида босқинчилик билан шуғулланган жиноий тўда аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент-Термиз М-39 йўлининг Жиззах вилояти ҳудудидан ўтган қисмида уч нафар фуқаро – икки нафари 36 ёшли, бири 41 ёшли – Газель русумли автомашинанинг ойнасини синдириб, ҳайдовчисини темир бўлаги билан урган ва унга жароҳат етказган. Босқинчилар ҳайдовчига тегишли бўлган 350 минг сўм пул ва уяли алоқа воситасини олган. Шундан сўнг жабрланувчи ички ишлар органларига мурожаат қилган.
Мурожаат асосида тезкор қидирув ишлари амалга оширилган ва натижада айбланувчилардан бирининг шахси ва уларнинг Cobalt русумли машинада ҳаракатланаётганлиги маълум бўлган. Автоулов кузатувга олиниб, Навоий вилоятида ушланган. Текширувлар давомида мазкур шахслар Зарбдор туманида ҳам озиқ-овқат дўконининг ойнасини синдириб, у ердан телевизор, ноутбук ва бир миллион сўм миқдоридаги маҳсулотлар ўмаргани аниқланган.
“Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси