Жиззахда крипто-активларни ноқонуний айлантирган шахс ушланди
Crime
−
16:52 258 1 minute
Жиззах вилоятида 165 миллион 322 минг сўмлик крипто-активларни ноқонуний ўтказиш ва айирбошлаш билан шуғулланган шахс аниқланди. Бу ҳақда вилоят Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 7 октябрь куни ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 2000 йилда Жиззах вилоятининг Қаллорол туманида туғилган шахснинг фаолияти текширилган.
Унинг фойдаланувидаги Samsung русумли телефон қурилмаси кўздан кечирилганда, махсус платформа орқали криптоактивлар айланмаси билан ноқонуний шуғулланиб келгани аниқланган. Шунингдек, у мазкур қурилма орқали жами 165 миллион 322 минг сўмлик криптоактивларни ўтказиш ва айирбошлаш билан шуғуллангани маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан фуқаро ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-8-моддаси (Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли тўпланган ҳужжатлар жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал этиш учун ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлимига юборилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нукус шаҳрида фуқароларнинг банк карталаридан қарийб 1 миллиард сўмни ноқонуний ўзлаштириш билан боғлиқ кибержиноят фош этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All