Жиззах ва Хоразмда келинлар ўз сепларини эрининг уйидан МИБ ёрдамида қайтариб олди (фото)
3-саҳифа
−
27 Март
8970Жиззах ва Хоразм вилоятларида келинлар ўз сарполарини эрининг уйидан МИБ орқали қайтариб олди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов QALAMPIR.UZ'га хабар берди.
Қайд этилишича, 2018 йилда Ўриновлар оиласининг катта тўй қилиб қурилган оиласи маълум муддатдан сўнг бузилади ва сеп-у сарполар билан келган келин ота уйига битта сумка билан йўл олади. Шундан сўнг, сепини осонликча қайтариб олишга кўзи етмаган аёл масалани қонуний йўл билан ҳал қилиш мақсадида судга мурожаат қилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг жорий йилнинг 1 мартдаги С.У. (хотин)га П.У. (эр)дан мол-мулкини олиб бериш тўғрисидаги ижро варақаси бюронинг Жиззах шаҳар бўлимига келиб тушган.
Ўзбекистон Республикаси "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонуннинг 23-моддасига кўра қарздорларга ижро ҳужжатининг ижросини ихтиёрий равишда таъминлаш учун муддат берилган.
Ижро ҳаракатлари давомида П.У.нинг яшаш хонадонидан келинга тегишли мулклар мажбурий тартибда олиб берилган, ижро ҳужжати амалдаги Қонун 41-моддаси 1-қисмига асосан расмийлаштирилган.
Яна шундай ҳолатлардан бири, Хоразм вилоятининг Боғот туманида содир бўлган. Оила қурганига бир йил ўтар-ўтмас икки ёш ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлгани оқибатида келин ота уйига қайтиб келади ва куёвдан сепларини қайтариб беришни талаб қилади.
Бироқ, турмуш ўртоғининг уйидан ўзига тегишли бўлган мулкларни олиб кетмоқчи бўлганида қаршиликларга дуч келган келин сепларини эрининг уйидан олиб беришини сўраб, судга мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг ижро варақасига асосан, қарздор Ғ.А.(эр)дан ундирувчи М.Т.(хотин)нинг фойдасига 17 турдаги мол-мулкларини олиб бериш белгиланган.
Бундан ташқари, яна шунга ўхшаш иш бўйича Бюронинг Боғот туман бўлимига ижро ҳужжати келиб тушган.
Унда қарздор Р.М.(эр)дан ундирувчи Б.С.(хотин)нинг фойдасига 53 хил турдаги 26,4 млн. сўмлик сеп олиб бериш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжатлари юзасидан давлат ижрочиси томонидан олиб борилган ҳаракатлар давомида ундирувчининг мол-мулклари тўлиқлигича ўзига олиб берилиб, ҳужжат ижроси таъминланган.
LiveБарчаси