Жинсий зўравонликка учраган қизларнинг хавфсизлиги таъминланди – Саида Мирзиёева

Жамият

image

Хоразм вилояти Мактаб ва мактабгача таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйининг жинсий зўравонликка учраган 3 нафар вояга етмаган тарбияланувчиларининг хавфсизлиги таъминланди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали маълум қилди. 

"Бугун биз Хоразмдаги болалар уйининг уч нафар жабрланган қизларига хавфсизлик таъминланишига эришдик. 

Уларнинг хавфсизлиги, руҳий ва жисмоний тикланиши ҳозирда устувор масала. Шу билан бир вақтда бу каби вазиятларда ҳаракат қилиш ва, энг асосийси, уларнинг олдини олиш тизимини яратиш устида ишлашимиз керак. Қонунларни қатъийлаштириш ва зўравонликка мутлақ тоқатсизлик нормаларини яратиш вақти келди. Барча даражаларда", деб ёзган Мирзиёева.

У сўзида давом этаркан, бундай вазиятда ошкоралик ва фуқаролик жамиятининг овози унга умид бағишлайдиган бирдан бир жиҳат бўлиб қолаётганини урғулаган. 

"Эҳтимол, бусиз атрофда бўлаётган воқелардан ожизларча бехабар бўлиб қолардик", деб ёзган Президентнинг қизи.

У, шунингдек, зўравонлик доим бўлгани, лекин айнан ҳозир очиқлик туфайли ушбу ҳодиса ҳақида баланд овоз билан гапирилаётгани ва бунга қарши курашиш учун реал ресурслар пайдо бўлганини қўшимча қилган. 

"Ўзбекистон сўз ва медиа эркинлиги борасида зиммасига олган мажбуриятлари, бу жараён барча учун жуда оғриқли кечаётган бўлса-да, ўз мевасини бермоқда. Тизим бир кунда барпо этилиб қолмайди, бу узоқ йўл ва манфаатлар курашидир. Ва бугун муаммоларни эркин кўтараётган овоз ҳар қачонгидан ҳам баланд янграмоқда.

Бефарқ бўлмай, бу кейс юзасидан фуқаролик позициясини билдирган барча ОАВ ва фаолларга миннатдорлик билдираман. Амалда ишлайдиган одил судлов тизимини яратиш йўлида бирлашсак, куч бўламиз!" дейди Мирзиёева.

Педофил амалдорлар қиссаси

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Хоразмда вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Айбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Анвар Қурязов вилоят Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари Ю.Х. билан тил бириктириб, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини мунтазам равишда зўрлаб келган. 

Ҳолат Жиноят ишлари бўйича Хива туман судида кўриб чиқилиб, 2022 йил 6 сентябрда ҳукм эълон қилинган.

Унга кўра, 1979 йилда Урганч шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлган Ю.Х. Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” банди, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “г” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, 1 йилга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

1979 йилда Нукус шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган А.М. (Айбек Машарипов) ва 1984 йилда Янгиариқ туманида туғилган, Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган А.Қ. (Анвар Қурязов) Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 1 йилу 6 ойдан озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

А.М. ва А.Қ.нинг ҳимоячиси ҳамда Ю.Х. томонидан киритилган апелляция шикоятларига асосан ушбу жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилиб, Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 декабрдаги ажримига кўра, жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукми билан судланувчиларга нисбатан тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган.

Кейинчалик Адлия вазирлиги ҳолатга муносабат билдириб, ходимнинг  ишдан олингани, эндиликда вазирликка алоқаси йўқ эканини маълум қилди. ФВВ ҳам ўз ходими ўтган йили тергов ишлари олиб борилаётган вақтда эгаллаб турган лавозимидан озод этилганини айтиб чиқди.

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов педофилларга нисбатан кимёвий кастрация жазосини қўллаш вақти келгани ҳақида маълум қилди. Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева ушбу ҳолатни “хавотирли” деб атаб, Бош прокуратура синчковлик билан текширув ўтказиши кераклигини таъкидлади.

 Бош прокуратура томонидан Хоразм вилоятидаги ҳолат билан боғлиқ жиноят иши бўйича чиқарилган суд ҳукми ва аппеляция инстанциясининг ажримлари қонунийлиги ўрганилган.  

29 март куни судланган А.Машарипов ва А.Курязовларга енгил жазо тайинлангани ва бошқа ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест келтирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева Педофил Ойбек Машарипов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг