Мирзиёева Хоразмда қизларни Адлия ходими зўрлаганидан хавотирга тушди
Жамият
−
01 Апрель 2023
26814Хоразмда Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини мунтазам равишда зўрлаб келингани, буни амалга оширган кимсалар орасида эса ҳуқуқ идоралари ходимлари борлиги ниҳоятда хавотирлидир. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Унинг қайд этишича, ушбу жирканч воқеа қонунчиликдаги бўшлиқларни ўзида акс эттирган.
"Хоразмда юз берган фожиа жамиятда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ҳолат қонунчилигимизда жиддий муаммолар борлиги ва ушбу бўшлиқдан жирканч шахслар фойдаланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Воқеа иштирокчилари орасида ҳуқуқ идораси вакиллари ҳам борлиги эса ниҳоятда хавотирлидир", дейди Президент Мирзиёевнинг тўнғич қизи.
У мамлакат Бош прокуратурасидан мазкур ҳолатга алоҳида эътибор қаратиб, синчиклаб ўрганишини ва ҳуқуқий баҳо беришини сўраган.
"Биз мавжуд қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш, турли “лазейка”ларни ёпиш, оилавий зўравонлик бўйича қонунни қабул қилишни тезлаштиришимиз зарур. Мазкур қонун лойиҳаси аёллар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган", дейди Саида Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, Хоразмдаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари (3 нафар қиз) 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи томонидан зўрлаб келинган. Уларга нисбатан 1,5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Кейинчалик Адлия вазирлиги ҳолатга муносабат билдириб, ходимнинг ишдан олингани, эндиликда вазирликка алоқаси йўқ эканини маълум қилди. ФВВ ҳам ўз ходими ўтган йили тергов ишлари олиб борилаётган вақтда эгаллаб турган лавозимидан озод этилганини айтиб чиқди. Шунингдек, уларга шароит яратиб берган болалар уйи раҳбари 5 ярим йилга қамалган.
LiveБарчаси