Хоразмдаги Адлия бошқармаси бошлиғига қандай чора кўрилган? Вазирлик баёнот берди
3-саҳифа
−
01 Апрель 2023
23368Хоразмда Адлия ва ФВВ бошқармаси бошлиқлари Меҳрибонлик уйининг тарбияланувчи қизлари билан жинсий алоқада бўлиб келгани, уларга нисбатан суд ҳукми эълон қилингани ҳақида хабар берилган эди. Адлия вазирлиги ҳолат бўйича расмий муносабат билдириб, собиқ ходимга нисбатан суд ҳукмини шарҳлаш ваколатига эга эмаслигини маълум қилди.
Маълум қилинишича, ушбу жиноий ҳаракат ҳақида вазирлик хабар топиши биланоқ бошқарма бошлиғи лавозимидан озод этилган. Унга нисбатан тегишли суд ҳукми чиқарилиб, жиноий жавобгарликка тортилган.
“Қонунчиликка кўра судлар ўз фаолиятини давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларидан мустақил равишда олиб боради, ўз ҳукм-қарорларини мустақил равишда чиқаради. Шу сабабли Адлия вазирлиги собиқ ходимга нисбатан суд ҳукмини шарҳлаш ваколатига эга эмас”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Адлия вазирлиги тизимида ишлаётган кўп минг сонли ходимларнинг ҳар бирини ишдан ташқари вақтда одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш имконияти чекланганини таъкидлаган. Бироқ улар вазирлик ходимлари учун ажратилган уйдан қай мақсадда фойдаланаётгани назорат остидами ёки йўқ бунга аниқлик киритмаган.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан аёллар ҳамда вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиришлар тўплами, кенг жамоатчилик вакиллари билан бамаслаҳат, маромига етказилган ҳолда қабул қилинган.
Ушбу ўзгартиришларга асосан, жинсий жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарлик янада кучайтирилмоқда, мазкур шахслар учун жазо тайинлашни енгиллаштирувчи ҳолатлар, шу жумладан, жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилишни қўллаш тақиқланмоқда. Мазкур қонун ҳозирда Сенатда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда.
Бундан ташқари, Адлия вазирлиги жамиятда хотин-қизлар, хусусан, вояга етмаган ва имконияти чекланганларни ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан барча фаоллар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилган.
Мазкур иш доирасида маҳаллий оилавий болалар меҳрибонлик уйи мудираси Жиноят кодекси 135-моддаси 3-қисми “а” банди (18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган одам савдоси), 167-моддаси 2-қисми “г” банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 1-қисмида (Мансаб сохтакорлиги) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Суд унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ва фавқулодда вазиятлар бўйича туман бошқарма бошлиғи Жиноят кодексининг 128 (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) ва 128-1-моддасида (Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Уларнинг ҳар иккисига 1,5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди: бу вақт давомида уларга 22:00 дан 06:00 гача уйдан чиқиш тақиқланган. Шунингдек, пробация органларини огоҳлантирмасдан яшаш жойини ўзгартиришлари ва яшаш тумани чегараларини тарк этиши тақиқланган.