Жиноятчи амалдорлар 4 йилда давлат ва жамиятга 3,5 трлн сўм зарар етказган

Жамият

image

Статистика бўйича Ўзбекистонда мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2018 йилда 556 млрд, 2019 йилда 1,858 трлн, 2020 йилда 500,1 млрд, 2021 йилнинг 9 ойида 658 млрд (жами 3 трлн 572,1 млрд) сўм моддий зарар етказилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зуҳра Шодиева маълум қилди.

Депутат Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан мансабдор шахсларга нисбатан чоралар кучайтирилаётганини таъкидлаган.

Хусусан, “Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”, “Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш”, “Ҳокимият ҳаракатсизлиги”, “Мансаб сохтакорлиги” ва “Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги” жиноятлар агар “ғаразгўйлик” ниятида содир этилса, коррупциявий жиноят ҳисобланиши белгиланиб, мазкур ҳаракатлар учун оғирроқ жазолар белгиланяпти.

Зуҳра Шодиева коррупцияга оид жиноятлар учун айбдор шахсга нисбатан жазо чораларини янада кучайтириш мақсадида, жиноятлар мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган жиноятлар учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланаётганини урғулаган.

Шунингдек, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун ҳукм қилинган, бироқ жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга ҳамда порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш татбиқ қилинмаслиги назарда тутилмоқда.

Аввалроқ мазкур қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексининг саккизинчи бўлими “коррупцияга оид жиноятлар” деган янги атама билан тўлдирилиб, 15 турдаги жиноят таркиблари коррупцияга оид жиноятларга киритилаётгани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг