Ўзбекистонда коррупцион жиноятлар рўйхати тузиб чиқилди
Жамият
−
05 Декабрь 2021
12216Ўзбекистон Жиноят кодекси “коррупцияга оид жиноятлар” номли янги атама билан тўлдирилиб, ушбу турдаги жиноятлар аниқ белгилаб қўйилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура ва манфаатдор идоралар томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида белгиланган.
Бош прокурор ўринбосари Баҳриддин Валиевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисидаги нутқида маълум қилишича, ушбу қонун лойиҳасида Жиноят кодексининг 8-бўлимини “коррупцияга оид жиноятлар” номли янги атама билан тўлдириш таклиф қилиняпти ва ушбу турдаги жиноятларлар аниқ белгилаб қўйиляпти.
Хусусан, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш, хизмат мавқеидан фойдаланиб, фирибгарлик қилиш, ғаразгўйлик мақсадида ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, ҳокимият ҳаракатсизлиги, мансаб сохтакорлиги жиноятлари, шунингдек пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришга воситачилик қилиш ва жиноят фаолиятидан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа шу каби 15 турдаги жиноятлар коррупцияга оид жиноятларга киритилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун лойиҳасида коррупцияда айбланган жиноятчиларга жазони кучайтириш ва уларга тайинланган жазони бошқасига алмаштириш тақиқлаб қўйилмоқда. Лойиҳа депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
LiveБарчаси