Порахўрларнинг жазосини енгиллатиш тақиқланмоқда
Жамият
−
03 Декабрь 2021
5091Бугун, 3 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Аҳамиятлиси, илк бор қуйи палата мажлиси жонли эфирга узатилмоқда.
Мажлисда депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.
Мазкур ҳужжат билан Жиноят кодексининг саккизинчи бўлими “коррупцияга оид жиноятлар” деган янги атама билан тўлдирилмоқда. Коррупцияга оид жиноятлар учун айбдор шахсга нисбатан жазо чораларини янада кучайтириш мақсадида Жиноят кодексининг 167 ва 168-моддаларида кўрсатилган жиноятлар мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилганлиги ушбу моддаларнинг оғирроқ қисмига ўтказилиб, мазкур қилмишлар учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда.
Шунингдек, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, бундай жиноятларни содир этган шахсларга енгиллаштирувчи нормаларни қўллашни чеклаш мақсадида қатор нормаларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддаларида ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун ҳукм қилинган, бироқ жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга ҳамда порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш татбиқ қилинмаслиги белгиланмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
LiveБарчаси