Жефф Безос ва унинг рафиқаси Мауи ороли учун 100 миллион доллар ажратмоқчи
Олам
−
12 Август 2023
5712Amazon асосчиси Жефф Безос ва унинг турмуш ўртоғи Лорен Санчес Мауи оролидаги тикланиш ишлари учун 100 млн АҚШ доллари ажратмоқчи. Бу ҳақда CNN маълум қилди.
8 август куни Гавайининг ғарбида жойлашган Мауи оролида ўрмон ёнғинлари юзага келган. “Дора” тўфони сабаб кучли шамол оловни кучайтирган. Оқибатда Лахаина шаҳридаги уйлар вайрон бўлган. Минглаб аҳоли ўз уйларини тарк этган. Расмийларнинг маълум қилишича, шаҳарни кулга айлантирган ёнғин оқибатида камида 36 киши ҳалок бўлган.
“Жефф ва мен Мауи оролида содир бўлаётган воқеалардан хафа бўлдик. Биз жуда кўп жабрланган оилалар ва вайрон бўлган ҳудуддан ташвишдамиз. Биз жамғарма тузяпмиз ва Мауига ҳозир ва келгуси йилларда оёққа туришига ёрдам бериш учун 100 миллион доллар ажратмоқчимиз” деб ёзди Санчес ўзининг Instagram саҳифасида.
Маълумот учун, Безоснинг бойлиги 163 миллиард долларга тенг. Бу сумма уни дунёнинг учинчи энг бой одамига айлантирди.
Безос эса ноябрь ойида берган интерьвюсида бойлигининг асосий қисмини хайрия қилишни режалаштираётгани ва у пулни иқлим ўзгаришига қарши кураш ва инсониятни бирлаштира оладиган одамларни қўллаб-қувватлашга сарфламоқчи эканини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, Amazon асосчиси Жефф Безос ва машҳур актёр Леонардо Дикаприо Амазон ўрмонларини асраб қолиш учун хайрия маблағи ажратмоқчи эканини билдирган.