ЖЧни тарк этган юлдузлар қаерларда дам оляпти?

Спорт

image

2026 йилги Жаҳон чемпионати ўз якунига яқинлашмоқда. Мусобақада иштирок этган 48 та миллий терма жамоадан фақат олтитаси бош соврин учун курашни давом эттирмоқда. Қолган жамоалар эса турнир билан хайрлашиб, футболчилар янги мавсум олдидан қисқа таътилга чиққан. Қуйида жаҳон футболи юлдузлари мундиалдан кейин қаерда дам олаётганига назар ташлаймиз.

Неймар

Бразилия терма жамоаси мундиаль фаворитларидан бири сифатида қаралаётган эди. Бироқ жамоа 1/8 финалда Норвегияга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани эрта тарк этди. Мазкур мағлубиятдан кейин “пентакампионлар” футболчилари турли йўналишларга тарқалди. Фақат ҳимоячи Данило жамоа билан Бразилияга қайтган бўлса, қолган футболчилар АҚШдан тўғридан тўғри таътилга йўл олди.

Терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилган Неймар Флорида штатида қолишни маъқул кўрди. У Орландодаги нуфузли дам олиш масканларидан бирини танлаган бўлиб, ижтимоий тармоқларда унинг гольф ўйнаётгани акс этган суратлар тарқалди. Оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, 34 ёшли ҳужумчи ушбу танаффусдан келажакдаги фаолияти юзасидан қарор қабул қилиш учун ҳам фойдаланмоқда. Айни пайтда у Бразилиянинг “Сантос” клуби шарафини ҳимоя қилади. 

Возинья

Кабо-Верде ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этиб, плей-оффгача етиб борди. Жамоа 1/16 финалда амалдаги жаҳон чемпиони Аргентинага қўшимча вақтда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Жамоанинг муваффақиятли иштирокига 40 ёшли дарвозабон Возинья катта ҳисса қўшди. “Бува” лақаби билан машҳур посбон Испанияга қарши 0:0 ҳисобидаги учрашувдан кейин жаҳон эътиборига тушди. Шу ўйиндан сўнг унинг ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сони бир кун ичида 15 миллионга кўпайди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари унинг хизматларига АҚШнинг “Интер Майами” клуби ҳам қизиқиш билдираётганини ёзмоқда. Терма жамоа футболчилари ватанларида миллий қаҳрамонлар сифатида кутиб олинди. Возинья эса таътилни Кабо-Вердедаги Минделу шаҳрида, “Прая-да-Лагинья” соҳилида ўтказмоқда. У соҳилдаги ҳордиқни гидроциклда сайр қилиш билан уйғунлаштирмоқда. 

Лука Модрич ва Иван Перишич

Хорватия терма жамоаси сўнгги икки Жаҳон чемпионатида кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган эди. Бироқ бу сафар жамоа 1/16 финалда Португалияга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди.

40 ёшли жамоа сардори Лука Модрич учун ушбу мундиаль миллий жамоадаги сўнгги турнир бўлди. 37 ёшли Иван Перишич эса ҳали терма жамоадаги фаолиятини давом эттириш ниятида. Перишич ижтимоий тармоқларда Хорватия соҳилларида дам олаётгани ҳақида суратлар билан бўлишди. Модрич эса ҳозирча таътилидан ҳеч қандай тасвир эълон қилмаган. Тажрибали футболчилар тинч ва хотиржам муҳитда дам олишни афзал кўрмоқда. Шу билан бирга, Модрични ёзги трансфер ойнасида муҳим қарор кутмоқда. Унинг Италиянинг “Милан” клуби билан шартномаси якунланган ва томонлар янги келишув бўйича музокара олиб бормоқда.

Криштиану Роналду

Португалия терма жамоаси ҳам мундиални эрта тарк этди. Жамоа 1/8 финалда Испанияга 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.

41 ёшли Криштиану Роналду бу унинг Жаҳон чемпионатларидаги сўнгги иштироки бўлганини тан олди. Оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, Роналду дастлаб Португалияга қайтган, кейин эса шахсий самолётида Саудия Арабистонига жўнаб кетган. Португалиялик юлдуз одатда катта мусобақалардан кейин оиласи билан денгиз бўйида хотиржам дам олишни танлайди. Ҳозирча у таътилидан суратлар эълон қилмаган. Таътилдан кейин Роналду Саудия Арабистони чемпиони “Ал-Наср” билан янги мавсумга тайёргарликни бошлайди. Шунингдек, у фаолияти давомида 1000 та голлик маррага етиш мақсадидан ҳам воз кечгани йўқ.

Флориан Вирц

Германия терма жамоаси мундиалнинг энг катта сенсацияларидан бирига айланди. Жамоа 1/16 финалда Парагвайга пенальтилар сериясида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди. Бу натижадан сўнг бош мураббий Юлиан Нагельсманн истеъфога чиқди.

Шунга қарамай, айрим немис футболчилари АҚШда қолди. Улардан бири “Ливерпуль” ярим ҳимоячиси Флориан Вирц бўлди. Футболчи ижтимоий тармоқларда Калифорния штатидаги машҳур Беверли-Ҳиллздан суратларини эълон қилди. Шунингдек, у АҚШда мавсумолди йиғинини ҳам ўтказади. Чунки “Ливерпуль” жорий йилнинг 26 июль куни Нэшвилл шаҳрида “Сандерленд”га қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.

Аббосбек Файзуллаев ва Акмал Мозговой

Жаҳон чемпионатини гуруҳ босқичидаёқ якунлаган ўзбекистонлик футболчиларнинг аксари ҳозир Тошкентда. Аббосбек Файзуллаев ва Акмал Мозговойларнинг кеча, 10 июль куни никоҳ тўйлари бўлиб ўтди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг