ЖЧ учун автотураргоҳ нархи ўйин чиптасидан ҳам қимматга сотилмоқда
Спорт
−
14 Ноябрь 2025 2114 2 дақиқа
FIFA 2026 йилги Жаҳон чемпионати арафасида стадионлар яқинидаги автотураргоҳ нархларини ўйин куни учун 75 доллардан 175 долларгача нархда сотишни йўлга қўймоқда. Бу нархлар ҳатто Қатар–2022 Жаҳон чемпионатидаги гуруҳ босқичи чипталаридан қимматроқ бўлиб чиқди. Бу ҳақда “Inside World Football” нашри хабар берди.
FIFA ушбу лойиҳани технологик компания JustPark билан ҳамкорликда амалга оширмоқда. Ташаббус тарихда биринчи марта Жаҳон чемпионати доирасида тўхташ жойларини расмий тарзда монетизация қилишни кўзда тутади.
-1(1).png)
Кўплаб АҚШдаги стадионларда тўхташ жойлари аллақачон юқори нархларда сотувга қўйилган, бироқ FIFA белгилаган нархлар ҳатто АҚШ бўйича ҳам юқори деб баҳоланмоқда. Масалан, Филадельфиядаги “Линкольн Файненшел Филд” стадионида гуруҳ босқичи учун тўхташ жойи 115 доллар, кейинги босқичларда эса 145 долларга кўтарилади. Айрим учрашувлар - ярим финал ва учинчи ўрин ўйинларида нарх 175 долларга етади.
Шу билан бирга, FIFA ҳали аниқ автотураргоҳ жойлашувини ошкор қилгани йўқ. Айрим маълумотларда улар стадиондан 20 дақиқагача юриш масофасида жойлашган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Турнир ташкилотчиларининг таъкидлашича, юқори нархлар тўхташ жойлари сонининг чекланганлиги билан боғлиқ. Хавфсизлик зоналари, меҳмондўстлик ҳудудлари ва фан-парклар туфайли стадион атрофидаги майдонларнинг аксарияти тўхташ учун яроқсиз ҳолга келади. Шу сабабли мухлисларга жамоат транспортидан ёки саёҳат хизматларидан фойдаланиш тавсия этилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, бу ташаббус FIFA’нинг тижорий даромадни максимал ошириш сиёсатининг бир қисми ҳисобланади. Жаҳон чемпионати ташкилотчилари 2026 йилги турнирдан 13 миллиард доллар даромад олишни прогноз қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йил АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказиладиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўйинларига бир миллиондан ортиқ чипта сотилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси