ЖЧ дебютанти яна мағлубиятга учради

Спорт

image
0:00
0:00
download
Бугун, 23 июнь куни 2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 2-туридан ўрин олган Жазоир ва Иордания терма жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. Баҳсда жазоирликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

АҚШнинг Калифорния штати, Санта-Клара шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда ҳисобни Иордания терма жамоаси футболчиси Низар Ар-Рашдан 36-дақиқада очди. Бироқ иккинчи бўлимда Жазоир жамоаси вазиятни ўз фойдасига ҳал қилди. Надир Бенбуали 69-дақиқада мувозанатни тиклаган бўлса, Амин Гуири 82-дақиқада ғалаба голига муаллифлик қилди.

Мазкур натижа Жазоир терма жамоасига жорий Жаҳон чемпионатидаги илк ғалабани тақдим этди. Жамоа ҳисобидаги очколар сони 3 тага етди ва у “Ж” гуруҳида учинчи ўринга кўтарилди.

Маълумот учун, жазоирликлар биринчи турда амалдаги жаҳон чемпиони Аргентинага 0:3 ҳисобида мағлуб бўлган эди. Аргентина эса икки турдан кейин 6 очко жамғариб, гуруҳда пешқадамлик қилмоқда ҳамда плей-офф босқичига чиқиш масаласини ҳал қилди.

Жаҳон чемпионати дебютанти бўлган Иордания терма жамоаси эса икки ўйиндан сўнг ҳам очко жамғара олмади. Шу тариқа жамоа муддатидан аввал плей-офф йўлланмаси учун курашиш имкониятини йўқотди ва гуруҳда сўнгги ўринда қолмоқда.

Австрия терма жамоаси ҳам 3 очкога эга бўлиб, қўшимча кўрсаткичлар бўйича иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Австрия биринчи турда Иорданияни 3:1 ҳисобида мағлуб этган эди.

Гуруҳ босқичининг сўнгги турида Жазоир 28 июнь куни Австрияга қарши майдонга тушади. Иордания эса шу куни Аргентина билан куч синашади.

Маълумот учун, 2026 йилги Жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилмоқда. Илк бор 48 та жамоа иштирок этаётган мусобақа 19 июль куни якунланади. Амалдаги жаҳон чемпиони – Аргентина терма жамоаси ҳисобланади.

Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳон чемпионати Жазоир Иордания

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг