ЖЧ–2026. Аргентина – Швейцария: мухлисларни нималар кутяпти?
Таҳлил
−
11 июл 4214 5 дақиқа
Амалдаги жаҳон чемпионлари Аргентина 12 июль куни 2026 йилги Канада, АҚШ ва Мексика мезбонлик қилаётган жаҳон чемпионати чорак финалида Канзас-Ситида Швейцарияга қарши майдонга тушади.
Иккита оғир ва можароларга бой плей-офф ўйинидан сўнг Аргентина Жаҳон чемпионатининг ҳал қилувчи босқичига етиб келди. Амалдаги жаҳон чемпионлари гуруҳ босқичида Лионель Мессининг тўхтатиб бўлмас ҳужумкор ўйини эвазига кўплаб соврин даъвогарларини ишончли мағлуб этди.
Бироқ кучсизроқ рақибларга қарши плей-оффдаги ишончсиз ва қийналиб қўлга киритилган ғалабалар бир саволни кун тартибига чиқарди: Аргентина ҳақиқатан ҳам ўз чемпионлик унвонини сақлаб қола оладими?
Икки карра жаҳон чемпионларининг навбатдаги рақиби – сўнгги 72 йил ичида илк бор чорак финалга чиққан Швейцария. Бреэль Эмболо ва Йохан Манзамби дуэти швейцариялик мухлислар қалбини забт этди. Тошкент вақти билан эртага тонг саҳар соат 6:00 да бошланадиган баҳс улар учун 2014 йилги Жаҳон чемпионатида Аргентинадан қабул қилинган мағлубият учун реванш олиш имкониятини ҳам тақдим этади.
Аргентина ва Швейцария чорак финалга қандай етиб келди?
Аргентина биринчи босқичда Австрия, Иордания ва Жазоирни мағлуб этиб, “J” гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. 1/32 финалда Кабо-Вердега қарши баҳсда қўшимча вақтда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. 1/16 финалда эса Мисрга қарши ўйинда икки тўп фарқи билан ортда бора туриб, 3:2 ҳисобида камбэкли ғалаба эришди. Қайд этиш жоиз, ушбу учрашув ҳакамлик бўйича баҳс-мунозараларга ҳам сабаб бўлди.
Швейцария эса “B” гуруҳида мағлубиятсиз иштирок этиб, Канада ҳамда Босния ва Герцеговинани мағлуб эта олди. Қатар билан дуранг ўйнади. Кейин Жазоирни 2:0 ҳисобида енгди ва Колумбияни пенальтилар сериясида 4:3 ҳисобида мағлуб этиб, 72 йилдан буён илк марта чорак финалга чиқди.
Аргентина енгилмас эмас – Швейцария бош мураббийи
Аргентинанинг ишончли бошланган чемпионлик ҳимояси аста-секин мураккаб тус олмоқда. Жаҳон чемпионати плей-оффида илк бор иштирок этаётган Кабо-Верде амалдаги чемпионларни жиддий синовдан ўтказди. Кейинги баҳсда эса Аргентина Мисрга қарши 0:2 ҳисобида ортда бора туриб, асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда вазиятни ўзгартирди. Ушбу учрашувдан кейин рақиб томон ҳакамларни Аргентина фойдасига қарор чиқарганликда айблади.
Бу натижалар Аргентинани мусобақа фаворитлари рейтингида тўртинчи ўринга туширди, шунингдек, жамоа FIFA рейтингида ҳам биринчи ўриндан иккинчи ўринга пасайди. Бу эса, табиийки Швейцарияга ишонч уйғотди.
“Биз амалдаги жаҳон чемпионларига қарши ўйнаймиз ва бу ноёб имконият. Шу билан бирга, Аргентина енгилмас жамоа эмаслигини ҳам кўрдик”, деди Швейцария бош мураббийи Мурат Якин.
Унинг сўзларига кўра, бу баҳс тактик жиҳатдан жуда қизиқарли бўлади.
Қария Месси ЖЧ суръатига дош бера оладими?
39 ёшида, аксарият футболчилар фаолиятини якунлаган пайтда, Лионель Месси ёш фақат рақам эканини исботлашда давом этмоқда. Олтинчи ва эҳтимол фаолиятидаги сўнгги жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Месси Аргентинанинг ўтган барча беш ўйинида гол урди.
Месси турнирдаги ҳозиргача урган саккизта голи билан “Олтин бутса” пойгасида Франциянинг 27 ёшли ҳужумчиси Килиан Мбаппе билан бир хил натижа қайд этиб турибди. Мбаппе ҳам саккизта гол урган, аммо битта кўпроқ ўйин ўтказгани ва ассистлар бўйича устунлиги туфайли ҳозирча қария Леодан олдинда бормоқда.
Месси аввалгидек жисмоний жиҳатдан энг юқори даражада бўлмаса-да, ҳали ҳам Аргентинанинг асосий гол уриш юкини ўз зиммасига олган. У 1/16 финалда жамоасини эрта чиқиб кетишдан гол ва голли узатма билан қутқариб қолди. Ўша учрашувдан кейин у ҳис-туйғуларини яшира олмай йиғлаб юборди ва Жаҳон чемпионатидаги саёҳати давом этишини жуда хоҳлаганини айтди.
Бироқ Кабо-Вердега қарши 120 дақиқа ҳаракат қилгани ва Мисрга қарши оғир баҳсдан кейин чарчаганини тан олган Мессининг организми мусобақанинг юқори суръатига қарши курашмоқда. Мусобақа ҳал қилувчи босқичга кирган сари хато қилиш имконияти камаяди. Савол шундаки, ёш омиллари энди ўз таъсирини кўрсатадими?
Суперкомпютер башорати
Opta суперкомпьютери ҳисоб-китобларига кўра:
- Аргентинанинг асосий вақтда ғалаба қозониш эҳтимоли – 57,1%;
- Швейцариянинг ғалаба қозониш эҳтимоли – 18,7%;
- Ўйиннинг қўшимча вақтгача етиб бориш эҳтимоли – 24,2%.
Аргентина барча мусобақалардаги сўнгги олтита ўйинининг барчасида ғалаба қозонди. Бу даврда жамоа 17 та гол урди ва бешта гол ўтказиб юборди. Олтита учрашувнинг бештасида ҳисобни биринчи бўлиб очди. Шунингдек, биринчи бўлимларда олтита гол урган бўлса, рақиблар фақат бир марта биринчи таймда гол уришга муваффақ бўлган.
Швейцария эса сўнгги олтита ўйинда учта ғалаба ва учта дуранг қайд этди. Бу учрашувларда жамоа 10 та гол уриб, тўртта гол ўтказиб юборди ҳамда олти ўйиннинг бештасида ҳисобни биринчи бўлиб очди. Швейцария биринчи бўлимларда учта гол урган, рақиблар эса бу вақт оралиғида бирорта ҳам гол ура олмаган.
Жамоалар ўзаро етти марта тўқнаш келган. Уларнинг 5 тасида Аргентина зафар қучган бўлса, 2 та баҳс дуранг билан якунланган. Швейцария ҳали Аргентинани мағлуб эта олмаган. Бу сафар швейцарлар қора статистикани бузолармикан, буни тонгда билиб оламиз.
Шунингдек, жаҳон чемпионатларида ҳам Аргентина ўзаро тўқнаш келганда икки марта ғалаба қозонган:
- 1966 йил – 2:0;
- 2014 йил 1/8 финал – 1:0.
Бу икки жамоанинг расмий мусобақадаги сўнгги учрашуви ҳам айнан 2014 йилда бўлган. Ўша баҳсда қатнашган футболчилардан фақат уч нафари – Лионель Месси, Гранит Жака, Рикардо Родригес ҳозир ҳам жамоалари сафида қолган.
Аргентина ўйинга фаворит сифатида чиқади, бироқ Швейцария бу Жаҳон чемпионатида интизомли ўйини ва мустаҳкам ҳимояси билан кўпчиликни ҳайратда қолдирди. Лионель Месси яна бир бор жамоасини етаклашга тайёр бўлса, Швейцария эса жасорат кўрсатишига тўғри келади.
Live
Барчаси