Жасур Умиров иши: Адвокат суднинг қароридан розими?
Интервью
−
11 Июнь 2021
23551Ўтган йилнинг октябрь ойида хонанда Жасур Умировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси жиноий иш қўзғатилганди. Хонанда вояга етмаган Ш.М.нинг номусига тегишда айбланди ва 2020 йилнинг 21 декабрь куни унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.
2 февраль куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судида бўлиб ўтган суд мажлисида Жасур Умиров Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Аввалига зўрланганини иддао қилган Шаҳзода Мўминова, орадан кўп ўтмай Жасур Умировга туҳмат қилганини тан олди. У бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га интервью берганди. Ушбу интервью ва журналистик суриштирув эълон қилинганидан кўп ўтмай, жорий йилнинг 10 июнь куни хонанда Жасур Умиров озодликка чиқди. Тўғрироғи, суд томонидан унга нисбатан белгиланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликни чеклаш жазоси билан ўзгартирилди.
QALAMPIR.UZ суриштирувларини давом эттирган ҳолатда Жасур Умировнинг адвокати Сиёвуш Раҳматовни суҳбатга чорлади. Ушбу суҳбатни юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube’даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин. Қуйида эса суҳбатнинг матнли талқини билан танишасиз.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — 1 май куни сиз бошчилигингизда хонанда Жасур Умировнинг отаси ва зўрланганини иддао қилган Шаҳзода Мўминова QALAMPIR.UZ’га интервью берганди. Aйнан ўша интервьюдан кейин нималар ўзгарди?
Сиёвуш Раҳматов, адвокат: — Интервью берган пайтимиз биз Олий Судга кассация тартибида шикоят билан мурожаат қилгандик. Шаҳзода Мўминова интервью жараёнида айтган ҳар бир гапини сид жараёнида ҳам айтди. Яъни, унга ҳеч қандай босим ўтказилмаганини, барчаси икки томоннинг розилиги билан амалга оширилганини, тергов жараёнларида эса отасидан қўрққани учун “мени зўрлади” деб айтганини ва Жасур Умиров унга уйланмаслигидан қўрқиб, шундай кўрсатма берганини тан олди. Бу эса Жасур Умировга туҳмат қилганини яққол кўрсатиб берди. Шундан сўнг, икки марта суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд мажлисида ҳолат атрофлича ўрганилди. Ва ўз-ўзидан судьялар томонидан унга эътироз билдирилди. Унга тўғри қилмагани, қонунчиликда бу каби вазиятларда жавобгарлик белгиланиши тушунтирилди. QALAMPIR.UZ ҳам нега ички ишлар ва прокуратура жим турганлигини ёритиб ўтди. Лекин, бугунги кунда Шаҳзода Мўминова қаергадир чақирилиб, сўроқ қилинаётганидан хабарим йўқ. Бу ҳақида унинг ўзи ҳам ҳеч нарса демади.
Шаҳзода Мўминова ўша пайтда вояга етмаган бўлган. Бизнинг қонунчилигимизда вояга етмаганлар учун енгилликлар бор. Туҳмат қилиш ижтимоий хавф бўлмаган жиноят турига киргани учун балки ички ишлар ва прокуратура бунга кўз юмаётган бўлиши мумкин. Мен бунга баҳо беришдан йироқман.
Шаҳзода Мўминованинг QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсидан кейин оммага асл ҳолат маълум бўлди ва суд Жасур Умировга тайинланган жазони озодликдан чеклаш жазосига алмаштирди. Бу иккала жазо мақоми бир хил. Фақат уни ижро этиш тартиб ва тамойиллари сал фарқ қилади. Бу жазо бўйича биз ҳали Олий суд ажримини олмадик. Одатда куннинг тун қисмида, яъни 22:00дан эрталабки соат 06:00 гача мобил телефон, интернет воситаларидан фойдаланиш тақиқланиши мумкин. Кўнгилочар жойларга, оммавий тадбирларда иштирок этиши тақиқланади. Ўша вақт давомида уйдан чиқмаслик белгиланади. Кундузи, яъни эрталаб соат 6:00 дан кечки 22:00 гача ўзи яшаётган ҳудудда шахсий ишлари билан машғул бўлиши мумкин. Чеклов куннинг тун қисмида бўлади. Кун қисмида ҳам чеклов мавжуд ва бу суднинг ажримида аниқ кўрсатилади. Буни биз ажримни қўлимизга олгандан кейин батафсил маълумот берамиз. Озодликдан маҳрум қилиш жазосидан шуниси билан фарқ қилади. Озодликдан маҳрум қилиш белгиланган қаттиқ тартибли колонияларда ўталади, озодликдан чеклаш эса доимий яшаш манзилида, ички ишлар органларининг назорати остида ўталади.
Ф.Н.: — Шунга ўхшаш ҳодисалар рўй берса, таҳририятга “буни чиқарманглар, одамлардан уяламиз”, деб мурожаат қилишади. Бу жараёнда ОAВ қанчалик сизларнинг ёнингизда тура олди?
С.Р.: — Қайсидир медианинг нотўғри талқини оқибатида бугун мана шундай хунук вазиятлар келиб чиқди. Aслида туҳмат бўлган ҳолатни бўрттириб кўрсатилиши оқибатида хонандага нисбатан бутун халқнинг фикри ўзгарди. ОAВда ва ижтимоий тармоқларда унга қарши салбий фикрлар билдирилди. Мана, QALAMPIR.UZ ҳақиқатни ёритгнидан кейин, халқнинг фикри ижобий томонга ўзгарди.
Жазо тури ўзгартирилди. Буни ҳам бир ижобий натижа, десак бўлади. Жазони уйда ўташ билан колонияда ўташнинг фарқи катта.
Ф.Н.: — Шаҳзода Мўминова ОAВ орқали туҳмат қилганини тан олганидан кейин тергов жараёнлари қанчалик тезлашди?
С.Р.: — Жиноят процессуал кодекси бўйича кассация тартиби бўйича қилинган шикоят кўриб чиқилади. Буни алоҳида ажратиб кўрилди, десак менимча халқимизда ҳам сал ғалати тушунча ҳосил бўлади. Яъни, “бу хонанда экан, унинг ишини тез кўраркан, биз оддий халқ эканмиз”, деган тушунча пайдо бўлиши мумкин. Мурожаат қилганимиздан кейин ишни кўриш муддати тайинланди. Тезлаштириш ёки қандайдир имтиёзли ҳолатлар бўлгани йўқ. Aйтишим мукинки, QALAMPIR.UZ’да чиққан интервьюдан кейин ҳақиқат ёритиб берилди ва бунинг учун сизларга раҳмат деймиз. Шундан кейин халқнинг ва ишни кўрган судьяларнинг фикри ўзгарди, деган тахминдаман. Улар ҳам гувоҳ бўлишдики, QALAMPIR.UZ ниманидир ошириб ёки бўрттириб кўрсатгани йўқ.
Ф.Н.: — Юқорида Шаҳзода Мўминовага нисбатан чора кўриб-кўрилмагани ҳақида айтиб ўтдингиз. Бу каби вазиятларда қонунчиликда нималар белгиланган?
С.Р.: — Қонунчиликда шахсга нисбатан туҳмат қилган кишига нисбатан жавобгарлик белгиланган. У жиноятнинг субъекти бўла оладими ёки йўқ, бунга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар баҳо беради. Чунки бизнинг қонунчилигимизда ҳар бир жиноятнинг таснифига кўра, субъектнинг ёши белгиланган. Шаҳзода Мўминова ўша пайтда вояга етмаган бўлгани учун унга нисбатан қандайдир енгилликлар бўлиши мумкин. Лекин бизда туҳмат учун жавобгарлик муқаррар.
Ф.Н.: — Бизни кузатаётганларда бир савол туғилиши мумкин. Қизнинг туҳмат қилгани исботланди, лекин нима учун Жасур Умиров тўлиқ оқланмади?
С.Р.: — Дарҳақиқат, бу масала ОАВда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Нега у оқланмади? Нега бошқа жазо турига ўзгартирилди? Суднинг фаолиятига баҳо беришга менинг ҳуқуқим йўқ. Адвокатлик нуқтаи назаридан ва жамиятда белгиланган қонунчиликдан келиб чиқадиган бўлсак, барча судлар учун раҳбарий кўрсатмага эга бўлган Олий суд пленум қарори бор. Мазкур қарорда шундай бандлар борки, номусга тегиш белгилари мавжуд бўлса ҳам жабрланувчининг даъвоси бўлмаган тақдирда, унга нисбатан юритилган жиноят иши тугатилиши ва жазодан озод қилиниши белгиланган. Жиноят ишини тугатиш билан шахсни оқлаш тушунчаларида фарқи бўлиб, Жасур Умиров ҳолатида ҳам у оқланиши мумкин эди. Сабаби, бевосита жабрланувчи ихтиёрийлик асосида бўлгани ва Жасур Умировга туҳмат қилганини тан олган.
Ф.Н.: — Бундан кейинги жараён қандай кечади? Яна қайта мурожаат қилиш режаси борми?
С.Р.: — Иш қонунчилик бўйича кассация тартибида кўрилгандан кейин Олий суд Раиси, Ўзбекистон Республикаси бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари томонидан берилган протестига асосан қайта кўрилиши мумкин. Бу масалада ҳали Жасур Умиров билан бир тўмтамга келмадик. 2021 йил 9 июнда Жазони ижро этиш муассасасидан чиқди. У бироз ўзига келгач, у билан бу масалани муҳокама қилиб, кейин шикоят бериш ёки бермаслик масаласи ҳақида бир қарорга келамиз. У менинг ҳимоям остидаги шахс бўлгани учун унинг фикрисиз мустақил ҳаракат қилишга ҳаққим йўқ.
Ф.Н.: — Ижтимоий тармоқлар орқали Жасур Умиров отаси билан кўришгани “ҳа, энди уйга кетамиз” деган гапларини эшитдик. Тан олиш керак, қамоқхона – бу уй эмас, унинг ўз қонун-қоидалари, тош-тарозилари бор. Лекин, Жасур Умировнинг ҳолати жуда ёмон эди. Фикримча, оқсаб юраётгандек, жудаям озиб кетган, кўриниши яхши эмасди. Унинг саломатлиги ва ҳозирги аҳволи ҳақида маълумот бера оласизми?
С.Р.: — Ҳали Жасур Умиров билан юзма-юз учрашганим йўқ. Лекин унинг аҳволи яхши эди, бошқа маҳкумларга нисбатан қандай муомала бўлган бўлса, унга ҳам ҳудди шундай умумий тартибли муомала қилинаётганига ўзим гувоҳ бўлганман. Кечаги ҳолатда эса, балки у сиқилганинидан овқатланмаган ёки қандайдир жисмоний машқлар билан шуғулланган бўлиши мумкин. Айтганингиздек, бу ўз номи билан жозони ижро этиш колонияси ва бевосита суд томонидан ҳукм қилинган шахсни тарбиялаш билан шуғулланади. Яъни, у ерда маҳҳум эрталаб 06:00 да туради, жисмоний тарбия билан шуғулланади, овқатланади ва ундан кейин бирор иш билан банд бўлади, яъни эркинлик йўқ. Номи билан озодликдан маҳрум қилиш, эркинлик чекланган. Шу боис у озгина озган бўлиши мумкин. Лекин ҳозирча Жасур Умировнинг саломатлиги билан боғлиқ ҳеч қандай шикояти йўқ.
Ф.Н.: — Ёдингизда бўлса, бундан аввал Жасур Умировга нисбатан жиноий иш очиш бўйича мурожаат ҳолатда жиноят белгилари аниқланмагани учун рад этилган эди. Ва ушбу жиноят ишини очишни рад этган Ички ишлар органларининг икки нафар ходими ҳайфсан олди. Бир нафар ходим лавозимидан озод этилди. Орадан вақт ўтиб, Умировга туҳмат қилингани ва ҳақиқатан ҳам ўша вақтда ички ишлар органи ходимлари жиноят иши очишни рад этиб, тўғри қилгани аён бўлди. Энди эса Ички ишлар вазирлиги ҳам, ишни ўз назоратига олган вилоят прокуратураси ҳам жим. Нега уларга қўлланилган ҳайфсан олиб ташланмапяпти, бўшатилган ходим нега лавозимига тикланмаяпти?
С.Р.: — Ички ишлар идоралари – бу битта тизим, бу битта корхона, яъни жамият ва давлатда жамоат тартибини сақловчи ташкилот ҳисобланади. Унинг фаолиятига, ички ҳаётига аралаша олмаймиз. Агар ходим ҳақиқатан ҳақиқатан хатога йўл қўйган бўлса, унга нисбатан қонунда белгиланган интизомий чора – ҳайфсан ёки эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш жазоси белгиланган бўлиши мукин. Агар ҳақиқатан ҳам Шахзода Мўминованинг хатти-ҳаракати оқибатида нотўғри жазо берилган бўлса, уларни кечириш мумкин.
LiveБарчаси