Жарқўрғонга янги ҳоким тайинланди
Жамият
−
09:57 3066 1 дақиқа
Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманига Илҳом Очилович Сапаров ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Халқ депутатлари Жарқўрғон тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги устувор вазифалар ҳақида сўз юритган.
Сессияда Жарқўрғон тумани ҳокими вазифасида ишлаб келган Элмурод Авазов эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани маълум қилинган.
Вилоят раҳбари томонидан Жарқўрғон тумани ҳокими лавозимига Сапаров Илҳом Очилович номзоди таклиф этилган. Мазкур номзод Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари томонидан маъқулланган.
Маълумот учун, Илҳом Сапаров 1975 йилда Термиз туманида туғилган. 2002 йилда Термиз давлат университетининг бакалавриат, 2011 йилда магистратура босқичини тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида Сурхондарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, халқ таълими ҳамда маданият бошқармаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган. Тайинловга қадар эса Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари лавозимида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, 4 март куни халқ депутатлари Тахиатош туман кенгашининг навбатдан ташқари 21-сессияси бўлиб ўтганди ва унда Исломбек Муродбоевич Сидиқов ушбу туманга ҳоким этиб тайинланганди.
Live
Барчаси