ЖАР БРИКС саммитида Путин қатнашишини тасдиқлади. Москва ҳали жим
Олам
−
08 Апрель 2023
9939Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) БРИКСга аъзо барча давлатлар раҳбарлари, жумладан, Россия Президенти Владимир Путин ҳам ташкилотнинг жорий йил август ойида бўлиб ўтадиган саммитида шахсан иштирок этишини тасдиқлади ва айни пайтда жараёнга ҳозирлик кўрилмоқда. Бу ҳақда ассоциациядаги ЖАР шерпаси (лавозим – уюшма бошқарувчиси) Анил Суклалга таяниб, “РИА Новости” маълум қилди.
“Саммитда барча етакчилар иштирок этади. Россия бунинг аксини даъво қилгани йўқ”, деди у.
Суклалнинг сўзларига кўра, ЖАР Президенти Сирил Рамофоса Путинга таклифнома юборган, бунинг учун Россия Президенти унга миннатдорчилик билдирган.
Унинг таъкидлашича, ЖАР расмийлари ташкилотнинг барча мамлакатлари раҳбарлари иштирокида тўлақонли саммитга тайёргарлик кўрмоқда.
“Бизнинг идорамиз бу масалани муҳокама қилиш билан банд”, деди шерпа.
Москва ҳозирча Путиннинг БРИКС саммитидаги иштироки ҳақида расмий баёнот бермади. Март ойида давлат раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков тегишли қарор ҳали қабул қилинмаганини айтди.
Маълумот учун, жорий йилнинг август ойида Жанубий Африка Республикаси БРИКСнинг 15-саммитига мезбонлик қилади. У Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Африка давлатини бирлаштиради. Иқтисодий блокка яна бир қанча давлатлар, жумладан, Аргентина ва Эрон қўшилиш истагида. Хитой Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Индонезия, Туркия, Саудия Арабистони ва Миср ҳам БРИКСга қўшилиш истагида.
LiveБарчаси
29 Октябрь