Жапаров Япония Императори билан учрашди
Олам
−
17 Ноябрь 2023
4460Бугун, 17 ноябрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Япония пойтахтига расмий ташрифи доирасида Император Нарухито ва рафиқаси Масако билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, император оиласи Қирғизистон Президенти ва биринчи хонимини қутлар экан, Садир Жапаровнинг Японияга ташрифи Қирғизистон-Япония муносабатларига ижобий таъсир қилишига умид билдирган.
Ўз навбатида, Садир Жапаров меҳмондўстлик учун раҳмат айтиб, Япония ўзининг бой тарихий анъаналари ва қадимий маданияти билан Қирғизистон учун дўст мамлакат эканини таъкидлаган.
Қирғизистон Президенти императорга чуқур ҳурмат-эҳтиром изҳор этиб, унга “РЭЙВА”нинг янги даврида ҳам фаровонлик ва муваффақият тилади.
Кейин Президент Садир Жапаров ва унинг рафиқаси Ойгул Жапарова шарафига император Нарухито ва унинг рафиқаси Масако номидан зиёфат уюштирилган.
Қайд этиш жоизки, Япония охирги пайтларда Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. 2022 йил декабрь ойи бошида Япония пойтахтида минтақа давлатларининг ҳокимият ва бизнес вакиллари иштирокида Марказий Осиё инвестиция форуми (Central Asia Investment Forum 2022) бўлиб ўтган.
Япония нашрлари Япония Бош вазири Фумио Кисида Вазирлар Маҳкамасига келаси йилдан бошлаб Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан саммитлар форматини йўлга қўйиш устида ишлашни топширмоқчилиги ҳақида ёзган. Айтилишича, Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича иш олиб бораётган ҳукмрон Либерал-демократик партияси депутатлар гуруҳи раҳбари, собиқ бош вазир Таро Асо Кисидага бундай саммитларни мунтазам ўтказишни таклиф қилган.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг сессияси доирасида Япония ва Қозоғистон келаси йили Марказий Осиё – Япония форматида саммит ўтказиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь