Жапаров яна президентликка номзодини қўйиш учун ариза берди
Олам
−
15:55 675 1 дақиқа
Президент Садир Жапаров Марказий сайлов комиссиясига (МСК) давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини кўрсатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Бу ҳақда Қирғизистон МСК хабар берди.
Садир Жапаров сайловда ўз-ўзини кўрсатиш тартибида иштирок этиш ниятида.
Бугун, 10 ноябрь ҳолатига кўра, комиссияга президентликка номзодлар кўрсатиш бўйича олтита ариза келиб тушган. Аввалроқ Аймен Касенов, Азамат Эсенбеков, Сиймик Жапикеев, Акай Қидиров ва Исъҳоқ Масалиев сайловда иштирок этиш ниятида эканликларини маълум қилишганди.
Маълумот учун, Қирғизистон президенти сайловида номзодларни кўрсатиш муддати жорий йилнинг 13 ноябрига қадар давом этади. Сайлов 2027 йил 27 январда бўлиб ўтади.
2026 йил 6 декабрда Садир Жапаров 58 ёшга тўлади.
У биринчи марта 2021 йил 10 январдаги муддатидан олдин бўлиб ўтган сайловда 79,2 фоиз овоз билан президент этиб сайланган. Ўша йилнинг 28 январида лавозимга киришган.
У сайланган пайтда амалда бўлган Конституцияга кўра, ваколат муддати олти йилни ташкил этарди. 2021 йилда қабул қилинган янги Асосий қонун беш йиллик муддатни ва президентлик лавозимини икки муддатдан ортиқ эгалламасликни назарда тутади. Конституциявий суд Садир Жапаровнинг олти йиллик муддати биринчи муддат деб ҳисобланишини тасдиқлади. Шундай қилиб, у бўлажак сайловларда иккинчи беш йиллик муддатга даъвогарлик қилади.
Live
Барчаси