Жапаров собиқ президентни афв этишга тайёрлигини айтди
Олам
−
04 Июнь 12365 3 дақиқа
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбоевга нисбатан чиқарилган суд қарорига изоҳ берар экан, уни афв этишга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда у “Кабар” миллий агентлигига берган навбатдаги интервьюсида сўз очди.
Садир Жапаров суд қарорларига аралашмаганини ва аралашмаслигини таъкидлаб, “Суднинг қарори қандай бўлишидан қатъий назар, унга бўйсуниш керак” деди.
“Қабул қилинган қарорни ноқонуний деб ҳисобласангиз, юқори идораларга мурожаат қилинг, Олий суд бунга чек қўйсин. Суд қарорини ҳеч ким ўзгартира олмайди. Менинг ҳам бунга ҳаққим йўқ”, деди у.
Шу билан бирга, президент Алмазбек Атамбоев мамлакатга қайтган тақдирда ҳибсга олинадими ёки йўқлиги ҳақида гапирар экан, унинг афв этиш ҳуқуқи борлигини эслатди.
“Агар у ариза берса, уни афв этишим мумкин. Қўй-Тош воқеаларидан бери олти йил ўтди. Эҳтирослар аллақачон сўнди. Менимча, судлар унчалик қаттиққўл бўлмаган бўларди. Албатта, бу менинг судларга юклаётган фикрим эмас, балки менинг шахсий, фуқаролик фикрим. Менимча, улар фақат синов муддати ёки жарима билан чекланса яхши бўларди”, дея қўшимча қилди Жапаров.
3 июнь куни Бишкекнинг Первомай туман суди Қўй-Тош воқеалари бўйича ҳукм чиқарди. Собиқ президент Алмазбек Атамбоев мол-мулки мусодара қилиниб, давлат мукофотларидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этилди. Ишдаги бошқа айбланувчиларга ҳам турли муддатлар берилди.
Алмазбек Атамбаев 2023 йилнинг февралида суд томонидан даволаниш учун қўйиб юборилган. У Испанияга учиб кетган ва шундан бери Қирғизистонга қайтмаган.
Атамбоевнинг ҳибсга олиниши
Қирғизистонга 2011-2017 йилларда раҳбарлик қилган Атамбоев 2019 йил 8 август куни Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида деярли бир кун давом этган махсус операция давомида қўлга олинган эди. Унга қўйилган барча айбловларни бир неча бор рад этган собиқ давлат раҳбарининг тарафдорлари қаршилик кўрсатган ва махсус бўлинманинг бир зобити операция давомида ҳалок бўлган. Тўқнашув вақтида 100 дан ортиқ одам, жумладан полициячилар тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Собиқ президент ҳибсга олинганидан бир неча кун ўтиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан зўравонлик қўллаш, оммавий тартибсизликлар уюштириш, қотиллик, қотилликка уриниш, шунингдек, гаровга олишни ташкил этиш, Бишкек иссиқлик электр станциясини реконструкция қилишдаги коррупция, Бишкекдаги “Форум” саноат гуруҳи биноси билан ноқонуний битим тузиш, Қўй-Тош қишлоғи ва Иссиқкўл вилоятидаги ер участкаларини ноқонуний эгаллаб олиш айбловлари қўйилган.
Собиқ давлат раҳбари 2020 йил ёзида 11 йилу 2 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Кейинчалик Атамбоевга қўйилган баъзи айбловлар олиб ташланган, 2022 йил июнида эса у 2020 йил октябрь ойида Бишкекда оммавий тартибсизликлар уюштирганликда айбланиб, оқланган эди.
Суд қарори билан 2023 йил 14 февралда 3,5 йил тартибли колонияда ўтирганидан сўнг озодликка чиқди ва республикани тарк этди. Собиқ президент озодликка чиққанидан кейин даволаниш учун Испанияга кетди. Ҳозирда ҳам у Қирғизистондан ташқарида.
Live
Барчаси