Жапаров мамлакатда бўлинишга йўл қўймаслигини айтди
Олам
−
13:45 3764 2 дақиқа
Бугун, 16 февраль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Қамчибек Ташиевнинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимидан кетиши ортидан юзага келган муҳокамалар ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда давлат раҳбари “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида сўз очди.
Садир Жапаров минтақавий бўлиниш, муддатидан олдин бўладиган сайловлар, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш ҳамда кадрлар сиёсати бўйича саволларга жавоб берган.
Давлат раҳбари мамлакат шимол ва жанубга бўлиниши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларни қатъиян рад этган. Унинг айтишича, аввал бундай бўлинишлардан айрим сиёсатчилар ҳокимият учун курашда фойдаланган, оддий фуқаролар эса восита бўлиб хизмат қилган.
“Мен ҳеч қачон шимол ва жануб бўлинишига йўл қўймайман. Бундай бўлинишлар сиёсатчиларга зарур бўлган вақтда пайдо бўлади”, деган Президент.
Жапаровнинг айтишича, 2021 йилдан бери давлат идораларида кенг кўламли кадрлар ротацияси олиб борилмоқда. Ҳокимлар ва судьялар тўлиқ ротациядан ўтган: жанубдан бўлган раҳбарлар шимолда, шимолдан бўлганлар эса жанубда ишламоқда. Бу жараён барча давлат идораларини қамраб олган.
Президентнинг сўзларига кўра, ротация келгусида қишлоқлар даражасигача етказилади. У тендерлар, ер ва бошқа ресурслар кўпинча раҳбарларнинг қариндошлари ёки яқинларига берилаётганини таъкидлаб, бундай ҳолатларга барҳам берилишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиев билан дўстона муносабатлар сақланиб қолиниши, бироқ у давлат хизматига қайтмаслигини маълум қилганди.
Ташиев истеъфоси
Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Live
Барчаси