Жапаров қувилгану “қўли қонга ботган” мавқедошларини Дубайга йиғди

Олам

Жорий йилнинг 18 февраль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида мамлакатнинг барча собиқ президентлари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Акипресс” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур учрашувда мамлакатнинг биринчи президенти Асқар Акаев, 2010 йилда Бишкекдан қочган президенти Қурманбек Бакиев, 2010 йилдаги муваққат ҳукумат раиси ва қўли қонга ботганликда айбланадиган Роза Отунбоева, 2011-2017 йилларда президент бўлган ва лавозимдан кетгач, қамоққа ташланган Алмазбек Атамбоев ва 2020 йилда ўтказилган парламент сайлови ортидан кўтарилган намойишларда Ҳукуматдан ағдарилган собиқ президент Сооронбай Жээнбеков иштирок этган.

Хўш, учрашувдан асосий кўзланган мақсад нима эди?

Амалдаги Президент Садир Жапаровнинг матбуот котиби Эрбол Султонбоевга кўра, ушбу учрашувдан асосий мақсад чинакам миллий бирлик, қирғиз давлати равнақи йўлида бирлашишдир.

“Афсуски, ҳозир жамоатчилик ва ижтимоий тармоқларда аввалги Президентлар, амалдаги ҳукумат ва бошқалар тарафдорлари ўртасида муҳокама давом этмоқда. Шу муносабат билан мен барча томонларни ўз куч ва ғайратини муносабатларни оммавий намойишга эмас, балки Ватанимиз фаровонлиги йўлида бунёд этишга йўналтиришга чақирмоқчиман”, дейди матбуот котиби.

Шунингдек, у Президент Жапаров узоқ вақтдан бери давом этаётган ёвуз амалиётни –мамлакатнинг барча кейинги раҳбарлари муаммоларни ўзидан аввалги раҳбарларга боғлашини йўқ қилмоқчи эканини маьлум қилган.

“Президентлар учрашувининг асосий мақсади ҳам шу эди ва унда бошқа ҳеч қандай субтекст йўқ”, дейди Султонбоев.

Учрашув қандай ўтди?

“Аввалига халқ сайлаган, охири аянчли бўлган барча президентларни йиғиб олсак, бир муштдек бирлашган ягона халқ бўлиб қоламиз деган ўй мени анчадан бери қийнаб юрган. Дарҳақиқат, халқ орасида “Султоннинг жасади ранжимас” деган мақол бор. Мен ниҳоят ғояни амалга оширдим ва мамлакатимиз бошида турган барча президентларни дастурхон атрофига тўпладим”, дейди Садир Жапаров ушбу учрашувни шарҳлар экан.

Қайд этилишича, собиқлар ва амалдаги давлат раҳбари иштирокида бўлиб ўтган учрашув тўрт соатдан ортиқ давом этган. 

“Глобаллашув даврида ички барқарорлик ва миллий тотувликка интилаётган давлатларгина ривожланиб, қудратли давлатларга айланиб бормоқда. Буюк империялар барпо этган, Евроосиё маконини эгаллаган қадимги қирғиз халқининг бугунги аҳволи қандай? Биз тарқоқлик ва ҳокимият учун кураш туфайли собиқ империямиздан айрилиб, Марказий Осиёнинг бир бурчагида қолиб кетаётганга ўхшаймиз.  Ўзимизни мустақил давлат деб эълон қилган бўлсакда, тараққиётимизни нима орқага сурмоқда?” дейди Президент Жапаров.

Учрашувда мамлакатнинг амалдаги Президенти собиқ президентларнинг камчиликларини, ўша даврдаги хатоларни санаб ўтган.

“Акаев даврида Ақси воқеалари, Бакиев даврида апрель воқеалари, муваққат ҳукумат даврида июнь фожиаси, Жээнбеков даврида октябрь воқеалари бўлиб ўтган. Афсуски, бу воқеаларнинг барчаси Қирғизистон тарихига қора ҳарфлар билан ёзилган”, дейди Жапаров.

Шунингдек, учрашувда собиқ Президентлар камчиликларини тан олиб, бир-биридан кечирим сўраган.

“Ота-боболаримизда “отангни ўлдирганга онангни бер”, деган гап бор. Ислом йўлига назар ташласак, кечира билиш буюк анъана эканини кўрамиз. Яна раҳмдил бўлайлик, сабрли бўлайлик ва йўлимизни давом этайлик. Агар биз суверенитетимизни, мустақиллигимизни мустаҳкамлаб, Қирғизистонимизни ривожлантирмоқчи бўлсак, ўтмишдаги барча норозиликларни бир четга суриб қўяйлик”, дейди давлат раҳбари.

Россиялик сиёсатшунос ва Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов ушбу учрашувга таъриф берар экан, Жапаровнинг бу қарори уни тамомила ҳайратлантирганини айтиб ўтган.

“Мен Марказий Осиёда 30 йилдан ортиқ вақт давомида шуғулланиб, йиллар давомида турли хил кулгили, қонли, драматик воқеаларга гувоҳ бўлдим ва мени нимадир билан ажаблантириш аллақачон қийин эди. Бироқ Қирғизистоннинг олтинчи Президенти Садир Жапаров буни уддалади”, дейди Дубнов.

Хўш, Қирғизистонда сўнгги 30 йилдаги президентлар қайси сабаблар ва қандай айбловлар билан лавозимидан кетган ё кетишга мажбур қилинган. Уларнинг айримларини тарих “қўли қонга беланган” деб хотирлашига сабаб нима? Булар ҳақида муаллиф Суннатилла Абдуллаевнинг “Ўхшаш тақдирлар: Қирғизистон Президентлари лавозимидан қандай кетган?” номли мақоласида жавоб топасиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Дубай Жапаров собиқ президентлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг