Жапаров қирғиз-ўзбек орасини “Озодлик” бузолмаслигини айтди

Олам

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров “Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати томонидан тарқатилган хабарларга муносабат билдирди. Бу ҳақда у “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида сўз очди.

Гап шундаки, олдинроқ “Озодлик” радиоси Хитойнинг “Синомаш” холдинги Кампиробод сув омборидан Фарғонага тоза ичимлик суви чиқариш лойиҳасини амалга оширишни кўзлаётганини хабар қилган. Айтилишича, дастлабки келишувларга кўра, компания вилоятда ижтимоий муассасаларни қуриши ва реконструкция қилиши режалаштирилган.

Садир Жапаров эса журналистлар “Кампиробод илгари Қирғизистонга қарашли бўлган”, дея хабарда одамларни чалғитишга уринганини айтган.

“Уларни тузатиб бўлмайди. Менимча, бошлиқлари уларга кучли кўрсатмалар беряпти. Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида келишмовчиликлар бўлишидан уларга қандай фойда борлигини билмайман. "Озодлик"нинг худбин ниятлари яққол кўриниб турибди, улар қирғиз ва ўзбекларни қоралаш мақсадини кўзлаган”, деган Президент.

Қирғизистон раҳбари Ўзбекистон анчадан бери Кампирободни 100 фоиз назорат қилиб келаётганини алоҳида таъкидлаган.

“Ўтган йили чегара ва сув омбори масаласини бир вақтнинг ўзида ҳал қилдик. Келишувга кўра, ҳозирда томонлар 50/50 ресурсни бошқаради. Биз, қирғиз томони сувнинг 10 фоизга яқинидан фойдаланамиз. Қолганлари эса 100 йилдан бери Ўзбекистонга оқиб кетади. Яна 100 йил шундай бўлади. Нега биз умумий бошқарувга келдик? Бу биз учун катта ютуқ. Биринчидан, биз сув сатҳининг 900-горизонтдан ошмаслигини назорат қиламиз. Ерларимиз сув остида қолмаслиги керак. Иккинчидан, суғориш даврида тўғонимиз остида жойлашган қишлоқлар учун етарли миқдорда сув олишимиз керак”, дейди у.

Садир Жапаровнинг таъкидлашича, Кампиробод Қирғизистон Республикасидаги 3 минг 101 хонадонни сув билан таъминлайди. Қолган сув эса Ўзбекистонга кетади.

“Ариқ, қувур, ҳаво орқали – сувнинг Ўзбекистон Республикасига боришининг қандай фарқи бор? Биз ҳар бир ҳаракатни томонларнинг келишувига биноан амалга оширамиз. Келгусида қирғиз-ўзбек дўстлиги мустаҳкам бўлади. Уни Худодан бошқа ҳеч ким бузолмайди. Шундай экан, Аллоҳ таолодан тинчлик сўрашимиз керак. "Озодлик" каби оммавий ахборот воситаларининг провокацияларига берилмаслигимиз керак”, дея хулоса қилган Жапаров.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 30 ноябрь куни Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда икки давлат ўртасида муаммо бўлиб келган Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилишга оид қонунларни имзолаганди.

Икки мамлакат ўртасидаги келишувга мувофиқ Ўзбекистон ўз ҳудудига Андижон (Кампиробод) сув омборининг 4957 гектарини ҳамда тўғонни сақлаш ва муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектарни олади. Қирғизистон компенсация сифатида 1019 гектар яйловга эгалик қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Садир Жапаров қирғиз-ўзбек

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг