Жапаров Ғазодаги воқеалар бўйича Қирғизистон позициясини очиқлади
Олам
−
09 Ноябрь 2023
9763Қирғизистон Исроил ва Ғазо секторини тинч аҳолига нисбатан зўравонликларнинг олдини олиш чораларини кўришга чақиради. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бугун, 9 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарларининг 16-саммитида айтиб ўтди.
“Биз Яқин Шарқдаги вазият ва Ғазо секторидаги гуманитар инқирозни юрак оғриғи ва чуқур ҳамдардлик билан кузатмоқдамиз. Биз томонларни қурбонлар ва тинч аҳолига нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар кўришга, ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга ва музокаралар жараёнини бошлашга чақирамиз”, дейди давлат раҳбари.
Жапаров Афғонистон мавзусига тўхталар экан, ушбу мамлакат халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятни давом эттириш ва Афғонистон иқтисодиётини тиклашга хизмат қиладиган минтақавий интеграция иқтисодий ва гуманитар лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда ўтган ИҲТ саммитида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Исроил-Фаластин уруши масаласида сўз очиб, муаммонинг ягона ечими мустақил Фаластин давлатини тузиш эканини айтди. Шунингдек, у Афғонистон масаласига ҳам эътибор қаратиб, лидерларни афғон халқига кўпроқ гуманитар ёрдам юборишга чақирди.
LiveБарчаси