Мирзиёев Афғонистонга ёрдамни кўпайтиришга чақирди
Олам
−
09 Ноябрь 2023
4041Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқаро ҳамжамиятни, хусусан, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар раҳбарларини афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни кўпайтиришга чақирди. У бу ҳақда бугун, 9 ноябрь куни пойтахт Тошкентда ўтаётган ИҲТ саммитида сўз очди.
Давлат раҳбари нутқининг Афғонистонга аталган қисми аввалида, саммит ушбу давлатсиз ўтаётганига эътибор қаратди.
“Бугунги саммит ташкилотимиз аъзоларидан бири бўлган Афғонистон иштирокисиз ўтаётганига диққатингизни қаратмоқчиман. Асрлар давомида бизга ён қўшни бўлган кўп миллатли Афғонистон халқини бугунги мураккаб муаммолар қаршисида ёлғиз қолдириб бўлмайди”, дейди Шавкат Мирзиёев.
У сўзида давом этиб, Афғонистонга нисбатан коллектив масъулият билан ёндашиш кераклигини урғулади.
“Ушбу мамлакатни минтақавий интеграция жараёнларига фаол жалб этиш, барқарор тараққиётимизнинг ажралмас ва зарурий шартидир. Барчангизни афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни кўпайтиришга, бу ердаги ўткир ижтимоий, иқтисодий муаммоларни коллектив масъулият ва мақбул механизмлар асосида ҳал этишга чақираман”, дейди Ўзбекистон Президенти.
Маълумот учун, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти – аъзо мамлакатларнинг иқтисодий, маданий, фан ва техникавий ҳамкорлиги бўйича ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилотдир. У 1964 йилда Эрон, Покистон ва Туркия томонидан “Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш” номи билан тузилган.
Кейин 70-йилларда ички минтақавий савдо сусайиб кетгани учун ўз фаолиятини тўхтатган. 1985 йилда “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти” номи билан қайтадан ўз фаолиятини бошлади. 1992 йилнинг 28 ноябрида Исломобод шаҳрида аъзо давлатлар Ташки ишлар вазирлари кенгашининг фавқулодда йиғилишида Афғонистон, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатлари ИҲТга аъзо бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь