Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат “сиёсий зилзила”га айланди (фоторепортаж)

Олам

image

Жанубий Кореяда кеча, 3 декабрь куни эълон қилинган ҳарбий ҳолат “сиёсий зилзила”га айланди. Ҳозирда ҳарбий ҳолат бекор қилинган ва вазият оддий ҳолатга қайтгандек. Хўш, Кореяда ўзи нималар содир бўлмоқда?

Кеча, 3 декабрь куни Президент Юн Сок Ёль Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилди. У бу қарорини июнь ойида янги ҳукумат иш бошлаганидан бери парламент томонидан 22 нафар ҳукумат расмийси устидан импичмент жараёнини бошлашга уринишлар билан изоҳлади.

Шундан сўнг Президент томонидан ҳарбий ҳолатни бошқаришга тайинланган генерал Пак Ан Су парламент ва сиёсий партиялар фаолиятини тўхтатиш ҳамда мамлакатдаги барча ОАВни назорат қилишни эълон қилди.  Бироқ парламент ҳарбий ҳолат эълон қилинганидан тахминан 150 дақиқа ўтиб уни бекор қилиш учун овоз берди.

Ҳарбийлар Миллий Ассамблея биносини тўсиб қўйди, унинг атрофида тўқнашувлар юз берди. Ҳукмрон партия етакчиси Хан Дон Хун Президентнинг ҳарбий ҳолат эълон қилиш ҳақидаги буйруғини бажаришга уринган ҳарбийларнинг ҳаракатларини ноқонуний деб атади.

Тахминан олти соат ўтиб, Юн Сок Ёль Миллий Ассамблея илтимосига биноан ҳарбий ҳолатни бекор қилишини эълон қилди. Шу билан бирга у “қайта-қайта импичмент жараёнлари, қонунчилик ва бюджет фаолиятини тўхтатишни” талаб қилди. Депутатлар эса ҳарбий ҳолатни бекор қилиш учун қайта овоз берди ва ҳарбийлар ўз хизмат жойларига қайтди.

Хан Дон Хун Президент Юн Сок Ёлни вазиятни тушунтиришга ва масъул шахсларни, хусусан, Мудофаа вазирини истеъфога чиқаришга чақирди. Демократик партия аъзоси Пак Чан Де ҳарбий ҳолат эълон қилинишини “муваффақиятсиз давлат тўнтариши” деб атади ва Юн ўз вазифаларидан четлаштирилиб, фуқаро ва ҳарбий исён учун амалдаги жиноятчи сифатида ҳибсга олиниши зарурлигини билдирди.

Бугун, 4 декабрь куни ҳарбий ҳолатнинг киритилиши ва бекор қилиниши билан боғлиқ вазият фонида Чунг Жин Сук раислигида Президент маъмурияти истеъфога чиқди. Истеъфога чиққанлар орасида Президент маъмурияти раҳбари Чунг Жин Сук, Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Син Вонсик ва Сиёсат бўйича штаб бошлиғи Сон Таэ-Юн, шунингдек, яна етти нафар катта ёрдамчи бор.

Бугун, 4 декабрь куни Жанубий Кореяда олтита мухолифат партияси Президент Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш таклифини киритди.  

Амалдаги қоидаларга кўра, импичмент таклифига овоз бериш парламентнинг ялпи мажлисида кўриб чиқилганидан сўнг 24-72 соат ичида ўтказилиши керак. Мажлис 5 декабрга ўтар кечаси ўтказилиши кутилмоқда. Бу шуни англатадики, импичмент бўйича овоз бериш 6 ёки 7 декабрь кунлари ўтказилади. Президентга импичмент эълон қилиш ҳақидаги таклифни 191 нафар депутат қўллаб-қувватлаган.

Жанубий Корея Миллий Ассамблеясида (парламентда) жами 300 та ўрин мавжуд бўлиб, улардан 108 таси Президентнинг “Фуқаролик кучи” партияси назоратида. Импичмент эълон қилиш учун депутатларнинг учдан икки қисмининг овози талаб этилади. Агар ташаббус зарур овозларни тўпласа, масала Конституциявий судга юборилади. Суднинг 9 нафар судьясидан камида 6 нафари президентни лавозимидан четлатишни қўллаб-қувватлаши керак.

Конституциявий суд масалани кўриб чиқаётган даврда президентнинг ваколатлари тўхтатилади ва унинг вазифаларини бош вазир бажаради.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея ҳарбий ҳолат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг