Жамоат транспорти куннинг “энг даромадли” пайтида ҳаракатланишга одатланган – Мирзиёев
Жамият
−
31 Январь 2023
11172Президент Шавкат Мирзиёев транспорт корхоналари кунлик “тушум плани”ни бажаришга боғланиб қолиб, куннинг “энг даромадли” пайтида (эрталаб соат 8-10 да, кечқурун соат 17-19 да) ҳаракатланишга одатланганини танқид қилди. Бу ҳақда бугун, 31 январь куни Президент ҳузурида жамоат транспорти соҳасини такомиллаштириш юзасидан ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилди.
“Қолган вақтда йўловчилар узоқ кутиш ёки таксида юришга мажбур”, дея таъкидлади Президент.
Давлат раҳбари бу соҳада муаммолар тўпланиб қолгани, уларни ҳал этиш учун транспорт бошқармалари ва автобус паркларида ҳозирги иш тизимини ўзгартириш зарурлигини қайд этди.
Айрим вилоят марказларида жамоат транспортини ривожлантириш режаси ишлаб чиқилмагани, жойларда айрим автобус йўналишлари ишламаётгани, бекатлар етишмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан Президент соҳада молиялаштириш, автобус йўналишларини ташкил этиш, автопаркни янгилаш ва инфратузилмани такомиллаштириш бўйича янги тизим жорий қилиш чора-тадбирларини белгилаб берди.