Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам хайрия қилдими?

Интервью

image
Карантин вақтида хайрия ёрдамлари фақат Тошкент шаҳрида яшовчилар учунми? north_east

Карантин вақтида хайрия ёрдамлари фақат Тошкент шаҳрида яшовчилар учунми?

Ўзбекистонда коронавирус энг кенг тарқалган ҳудуд Тошкент шаҳри. Пойтахтда бир эмас, уч клиникада COVID-19 инфекциясини юқтирган беморлар даволаняпти. Коронавирус энг кўп тарқалган Тошкентдаги бугунги вазиятдан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида ЎзА мухбири Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан суҳбатлашди.

– Тошкентда карантин режими давом этмоқда. Аҳоли вирус юқтириб олишдан хавотирда яшамоқда. Сир эмас, баъзи фуқароларда озиқ-овқат танқислиги бошланади, нархлар кескин ошиб кетади, деган хавотир ҳам йўқ эмас. Ҳоким сифатида бу каби фикрларга қандай жавоб берасиз?

– “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида иш бошлаган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази, маҳаллаларда ташкил этилаётган кўчма озиқ-овқат бозорлари ҳамда бугундан бошланган биринчи навбатдаги зарурий ноозиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари синовли кунларда пойтахт аҳолисини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.

Шаҳар ҳокимлиги ва унинг тизимидаги барча бошқарма, ташкилотлар, шунингдек, туман ҳокимликлари томонидан амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар доимий назорат қилинмоқда.

Ҳозирда Тошкент шаҳар ва барча туманлар ҳокимликларида тузилган ишчи гуруҳ маҳаллалардаги оилаларнинг яшаш шароитларини ўрганмоқда. Ўрганиш давомида пойтахт аҳолисига бир кунда, бир ҳафтада ҳамда бир ойда қанча ва қандай турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари кераклиги юзасидан алоҳида маълумотнома тайёрланади. Бу масала 18 апрель куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши сессиясида ҳам кўриб чиқилди. Сессияда барча сектор раҳбарлари амалга оширилган ишлар ва режалар бўйича депутатларга ҳисоб берди.

Мувофиқлаштириш марказига ҳомий ташкилотлар, тадбиркорлар томонидан тақдим қилинаётган маҳсулотлардан ташқари, туман ҳокимликларига мурожаат этаётган ҳомийлар томонидан эҳтиёжманд аҳолининг рўзғори бутланмоқда. Зарур дори-дармон воситалари, тиббий ниқоблар ва антисептик воситалар билан таъминланмоқда. 

– Коронавирус инфекциясининг Тошкентга таҳдиди, бугунги вазият ҳақида яхши хабардорсиз, албатта. Ҳозир вазият қандай?

– Бугун дунёнинг етакчи иқтисодчилари ва олимлари коронавирус пандемиси катта йўқотишлар, жумладан, иқтисодий инқирозларга ҳам сабаб бўлиши ҳақида кўп гапирмоқда. Албатта, ривожланиб бораётган мамлакатимиз, жумладан, пойтахтимиз учун ҳам бу ташвишли ҳолат. Негаки саноат, ишлаб чиқариш, қурилиш, хизмат кўрсатиш ҳамда деҳқон-фермерлик фаолиятлари маромида давом этмаса мамлакат, хусусан шаҳар иқтисодиёти катта зарар кўриши мумкин.

Шу нуқтаи назардан Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар, ҳунармандлар ва фермерлар учун солиқ ҳамда божхона тўловларида, кредитларнинг қайтарилиш муддатларида ва ишларини ривожлантиришга дахлдор бўлган бошқа масалаларда қатор имтиёзлар жорий этилди. 

Шаҳримиз иқтисодиёти учун ҳам хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ҳамда саноат муҳим аҳамиятга эга. Карантиннинг дастлабки кунларидан Савдо-саноат палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган. Энди эса фаолияти маълум муддатга тўхтатилган саноат, қурилиш, ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятларини карантин ва санитария-гигиена талаблари ҳамда махсус ишчи гуруҳ тавсияларига қатъий амал қилган ҳолда давом эттириши мумкинлиги маълум қилинди.

Аммо бу пойтахтда карантин тугади, дегани эмас, корхона ва ташкилотларга талаб жуда қатъий, инсонлар ҳаёти ва саломатлиги хавфсизлиги биринчи ўринга қўйилган.

Бугун фаолияти ниҳоятда долзарб бўлган корхона, ташкилотларнинг кўпчилигида иш тўхтаганини инобатга олсак, махсус талаб ва тавсиялар асосида иш бошлашга рухсат берилиши аҳолининг кундалик эҳтиёжи учун муҳим бўлган маҳсулотлар таъминотини яхшилайди. Аҳоли даромадга эга бўлади.

Шунингдек, ҳозирда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган йирик қурилиш лойиҳаларини ҳам давом эттириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Буни аҳоли тўғри қабул қилиши керак. Иш бошланадиган ҳамма объектларда карантин ва санитария-гигиена талабларига ҳамда махсус ишчи гуруҳ тавсияларига тўла риоя этилиши таъминланади.

Ҳозирда барча туманлар кесимида корхона ва ташкилотларнинг ишларни ташкил этиш имконияти, қўйилган талабларни тўла бажара олиши ишчи гуруҳ ҳамда сектор раҳбарлари томонидан ўрганилмоқда. Ушбу талабларни тўла бажара олган корхоналар тез кунда иш фаолиятини давом эттириши мумкин бўлади.

Албатта, тадбиркорлик давримда йиққан тажрибам ҳар қандай шароитда етти ўлчаб бир кесган ҳолда қарорларни қабул қилишимда асқотади. Аммо бугунги шароитга, вазиятга тадбиркор сифатида эмас, шаҳар ҳокими, пойтахтимиз аҳолиси учун жавобгар сифатида қарайман. Инсон ҳаёти ва саломатлиги хавфсизлиги учун муҳим бўлган қарорларни қабул қилиб, аҳолимизнинг манфаати йўлида зарур чора-тадбирларни оғишмай, тезкорлик билан барча фаолларга таяниб, ҳаракат қилиняпти.

Айни пайтда пойтахтимиздаги барча соҳалар, тизимлар фаолиятини мувофиқлаштириб, шаҳар ҳамда туман ҳокимликлари жипслашиб Президентимиз ва ҳукуматимиз қарорларида белгиланган вазифаларни бажаришда бугунги давр учун энг мақбул тадбирларни амалга ошириб келяпмиз. 

Хусусан, беморлар учун махсус шифохоналар барпо этиш, Ягона мувофиқлаштириш маркази ишини талаб даражасида ташкил қилиш, бозорлар ва кўчма бозорларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, куни кеча Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш каби қатор ишларни санаб ўтишимиз мумкин. 

– Яқинда ижарада яшайдиган фуқароларга имтиёзлар бериш юзасидан мурожаат қилган эдингиз... 

– Тошкент пойтахт шаҳар бўлгани вилоятлардан келиб, катта оиланинг бир бўлаги бўлиб, алоҳида рўзғор қилиб яшаётган, шунингдек, ўз уйига эга бўлмаган, ижарада истиқомат қилаётган оилалар ҳам борлиги кўпчиликка сир эмас. 

Ўзбек халқи азалдан инсонпарвар, хайрли, саховатли бўлган. Оғир кунларда бир-бирини тушуниш ва ёрдам бериш, бир-бирига елкадош бўлиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.

Шу боис карантин шароитида уйда қолиб, тирикчилик манбаига эга бўлмай қийналаётган аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, уларнинг шароитини тўғри тушунган ҳолда ижара ҳақини тўлашларида шошилтирмасликка чақириб қилинган мурожаатимиз ижара берувчиларга бир эслатма эди. 

Бу мурожаатдан сўнг ижарачиларнинг айнан нечтаси маълум муддатга ижара ҳақидан кечганини аниқ айтиш қийин. Лекин кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда “менинг қўшимча уйим бор, ижара масаласида холис ёрдам бераман” деган постларни учратдим. 

Ишонч билан айтишим мумкинки, бу синовли кунлар халқимизни янада жисплаштирди, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибатни кучайтирди, шунингдек, хайр-саховатли ишлар кўпайишига сабаб бўлди. Албатта, ижарага берувчиларимиз ҳам бундан мустасно эмас.

– Тадбиркорларимиз бугунги шароитда кўплаб хайрия ишларини амалга оширмоқда. Сиз ҳам ҳоким, ҳам тадбиркорсиз. Ўзингиз ҳам хайрия қилдингизми?

– Бугун барчамизнинг бошимизга тушган оғир шароитда ҳеч ким четда қараб тургани йўқ, деб ўйлайман. Аммо қилган амалларни очиқлаш, таъкидлаш табиатим ва кўрган тарбиямга тўғри келмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳонгир Ортиқхўжаев карантин

Баҳолаганлар

367

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг