Жаҳон қарзи 337,7 триллион долларга етиб, рекорд ўрнатди
Олам
−
26 Сентябрь 2025 6958 2 дақиқа
Глобал молиявий шароитларнинг юмшаши, АҚШ долларининг заифлашиши ва асосий марказий банкларнинг муросали сиёсати туфайли жорий йилнинг иккинчи чораги охирида жаҳон қарзи рекорд даражага – 337,7 триллион долларга чиқди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, глобал қарз йилнинг биринчи ярмида 21 триллион доллардан кўпроққа ошиб, 337,7 триллион долларга етган.
Халқаро молия институти (IIF) маълумотига кўра, энг катта қарз ўсиши АҚШ доллари ҳисобида Хитой, Франция, АҚШ, Германия, Буюк Британия ва Японияда кузатилган. Бу қисман АҚШ долларининг заифлашиши билан изоҳланади. Жорий йил бошидан буён доллар асосий савдо ҳамкорлари валюталарига нисбатан 9,75 фоиз пасайган.
“Бу ўсиш пандемия давридаги сиёсий чоралар туфайли қарз мислсиз даражада тўпланган – 2020 йил иккинчи ярмидаги кўрсаткичларга яқин бўлди”, дейилади хабарда.
Қарзнинг ЯИМга нисбати (мамлакатнинг ишлаб чиқарган маҳсулоти билан қарзини қоплаш қобилияти) кўрсаткичига кўра, энг кескин ўсиш Канада, Хитой, Саудия Арабистони ва Польшада қайд этилган. Аксинча, Ирландия, Япония ва Норвегияда бу кўрсаткич пасайган.
Ривожланаётган мамлакатларнинг умумий қарзи иккинчи чоракда 3,4 триллион долларга кўпайиб, 109 триллион доллардан ошиб кетган.
IIF’нинг таъкидлашича, қарз ўсишининг асосий сабаби давлат қарзининг кескин ортиши бўлиб, бу ҳолат G7 мамлакатлари ва Хитойда айниқса яққол кузатилмоқда.
Маълумот учун, 2024 йилда жаҳоннинг умумий қарзи 251 триллион АҚШ долларини ташкил этган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 43 млрд 376 млн долларга етгани ҳақида хабар берилган эди.