Жээнбеков чегарадаги отишма бўйича тезкор йиғилиш ўтказди
Олам
−
17 Сентябрь 2019
4909Аввалроқ, кеча, 16 сентябрь куни Қирғизистон-Тожикистон чегарасида яна қуролли тўқнашув содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков бугун, 17 сентябрь куни Президент девони раҳбари Досали Эсеналиев, Хавфсизлик кенгаши котиби Дамир Сагинбаев, Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков ва Президент девони ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Данияр Сидиқов билан Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасидаги ҳозирги вазият юзасидан йиғилиш ўтказди.
Давлат раҳбари Боткент вилоятидаги давлат чегараси қисмида келиб чиққан можаро юзасидан тўлиқ ахборотга эга эканини таъкидлаган.
Учрашув иштирокчилари бир кун олдин Тожикистоннинг тегишли давлат органлари вакиллари билан ўтказилган музокаралар ҳақида маълумот беришди.
Тожикистон томони биринчи бўлиб ўқотар қурол ишлатгани яна бир бор таъкидланди.
Сооронбай Жээнбеков можаронинг янада авж олишига йўл қўймаслик ва маҳаллий аҳоли билан тушунтириш ишларини олиб бориш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, ярадор фуқаролар, керак бўлса, Бишкекдаги шифохоналарга етказилишини қайд этди.
Давлат раҳбари ўз вазифасини бажаришда ҳалок бўлган Қирғизистон Республикаси Давлат чегара хизматининг ҳарбий ходими Равшан Мўминовнинг оиласига таъзия изҳор этди.
Президент Сооронбай Жээнбеков вазиятни тартибга солиш қатъий халқаро ҳуқуқ нормалари ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан музокараларда бир неча бор қайд этилган аввал қабул қилинган келишувлар доирасида амалга оширилиши кераклигини таъкидлади.
Қирғизистон томони берган маълумотга кўра, отишма келиб чиқишига тожикистонлик фуқаро томонидан чегаранинг келишилмаган қисмида қурилиш ишлари олиб борилгани сабаб бўлган.
Тожикистон миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари матбуот маркази томонидан берилган хабарга кўра, отишма натижасида бир неча тожик фуқаролари яраланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь