Зеленскийнинг “ғалаба режаси” нималарни ўз ичига олади?
Олам
−
17 Октябрь
5878Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат аҳолисига мурожаат қилиб, уларни Президент девони томонидан тайёрланган ва узоқ вақт давомида сир тутилган “ғалаба режаси”ни қўллаб-қувватлашга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 16 октябрь куни Олий Радада сўз очди.
Зеленский “ғалаба режаси”ни дастлаб АҚШ Президенти Жо Байденга тақдим этди, сўнг Германия, Франция, Буюк Британия ва Италия раҳбарлари билан муҳокама қилди. Ва шундан кейингина, халққа мурожаат қилди.
Зеленскийнинг “ғалаба режаси” нимани таклиф қилади?
“Ғалаба режаси” 5 банддан иборат – геосиёсий, иккита ҳарбий, иқтисодий ва хавфсизлик ва яна учта махфий протокол.
Биринчи банд – Украинани НАТОга таклиф қилиш. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украинани НАТОга таклиф қилиш факти бутун дунё учун асос бўлиши мумкин, шунингдек, Путин учун унинг геосиёсий ҳисоб-китоблари ютқазаётганининг исботи бўлиши мумкин. Президент, шунингдек, Украинанинг НАТОга қўшилиши масаласида ҳамкорларнинг қатъийлиги Европа интеграцияси муқаррарлигини англатишини таъкидлади.
Иккинчи банд – ҳимоя. Владимир Зеленскийнинг айтишича, Украина армиясининг жанговар самарадорлигини сақлаб қола оладиган қуролларнинг аниқ рўйхати мавжуд. Ушбу бандни амалга ошириш Россиянинг айрим ҳудудларида Мудофаа кучларининг операцияларини давом эттиришни, шунингдек, Украина позицияларини мустаҳкамлашни ва босиб олинган ҳудудда Россиянинг ҳужумкор салоҳиятини йўқ қилишни ўз ичига олади.
Бу банд, шунингдек, ҳамкорларнинг ёрдамига, хусусан Украина Қуролли кучлари учун захира бригадаларини жалб қилиш, ҳаво мудофаасини кучайтириш, шериклар билан биргаликда Россия дрон ва ракеталарини уриб тушириш, Украина мудофаа ишлаб чиқаришига сармоя киритиш, чекловларни олиб ташлашга асосланади.
Учинчи банд – чеклаш. Владимир Зеленскийнинг тушунтиришича, Украина ўз ҳудудида ядровий бўлмаган кенг қамровли стратегик тўхтатувчи пакетни жойлаштиришни таклиф қилмоқда, бу эса мамлакатни Россиядан келадиган ҳар қандай ҳарбий таҳдиддан ҳимоя қилиш учун етарли бўлади.
Тўртинчи банд – стратегик иқтисодий салоҳият. Украина стратегик ҳамкорларни мамлакатда мавжуд бўлган муҳим ресурсларни биргаликда ҳимоя қилиш, қўшма сармоя киритиш ва тегишли иқтисодий салоҳиятдан фойдаланиш бўйича махсус битим тузишга таклиф қилади. Гап табиий ресурслар ва муҳим металлар, хусусан, уран, титан, литий, графит ва бошқа стратегик қимматли ресурслар ҳақида бормоқда.
Бешинчи банд – хавфсизлик. У урушдан кейинги даврга мўлжалланган ва агар шериклар рози бўлса, Европада жойлашган АҚШ Қуролли кучларининг алоҳида ҳарбий контингентларини замонавий уруш, Ғарб қуролларидан фойдаланишнинг ҳақиқий тажрибасига эга бўлган Украина бўлинмалари билан алмаштиришни назарда тутади.
“Украинанинг бу тажрибасидан бутун иттифоқ мудофаасини кучайтириш ва Европада хавфсизликни таъминлаш учун фойдаланиш керак”, дея хулоса қилган Зеленский.
Олий Радада “ғалаба режаси” тақдим этилганидан сўнг кўпчилик депутатлар Президентни олқишлади. Шу ўринда у мухолифат вакилларининг қаршилигига учради.
Таҳлилчиларга кўра, Зеленскийнинг Олий Радада тақдим этгани Украина Президенти халқаро ҳамкорларга тақдим этган нарсанинг тўлиқ бўлмаган вариантидир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель Украина Президенти Владимир Зеленскийни ЕИ саммитида иштирок этишга таклиф қилганди.
2024 йил сентябрь охирида АҚШга ташрифи чоғида Владимир Зеленский мамлакатнинг амалдаги Президенти Жо Байденга, шунингдек, бу лавозимга номзодлар Камола Ҳаррис ва Дональд Трампга ўзининг "Кремль томонидан бошланган урушда Украина учун ғалаба режаси“ни тақдим этганини айтди. Бироқ кейинроқ “The Wall Street Journal” Оқ уйдаги манбаларига таяниб, Зеленскийнинг режаси “кенг қамровли стратегия” йўқлиги сабабли Байден маъмуриятини “таассурот қолдирмагани” ҳақида хабар берди.
LiveБарчаси