Зеленский Украинада “рашизм” атамасини қонунийлаштирди

Олам

image

Кеча, 29 август куни Украина Президенти Владимир Зеленский “рашизм” таърифини расман мустаҳкамлайдиган “Украина халқининг миллий хотираси давлат сиёсати асослари тўғрисида”ги қонунни имзолади.

“Бу миллий ўзликни муҳофаза қилиш ва ривожлантириш тўғрисидаги асосий қонун бўлиб, уни мамлакатнинг аввалги президентлари имзолашни истамаган, бажара олмаган, ёки журъат эта олмаган”, деб ёзди Президент девони раҳбари ўринбосари Ирина Верешчук ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Олий Рада мазкур қонунни 21 август куни маъқуллаган. Украинанинг “Суд-ҳуқуқ газетаси”нинг хабар қилишича, ҳужжатда тарихий хотирани сақлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий тамойиллари мустаҳкамланган ва у миллий хавфсизликнинг таркибий қисми сифатида белгиланган.

Қонун биринчи марта давлат даражасида “Украина мустақиллиги учун уруш”, “Украинага қарши тарихий ташвиқот” ва “Украина халқига қарши жиноятлар” каби тушунчаларни белгилайди. 

Шунингдек, ушбу ҳужжатда “рашизм” тушунчасига “босқинчи давлатда шаклланган рус фашист тоталитар режими негизида ётган, рус шовинизми ва империализми анъаналарига, коммунистик ва миллий социалистик (нацист) тоталитар тузумлар амалиётига асосланган тоталитар мафкура ва амалиёт тури” сифатида ҳам таъриф берилган.

2023 йил май ойида Украина Олий Радаси “Россия Федерацияси сиёсий режими томонидан рашизм мафкурасидан фойдаланиш, рашизм тамойиллари ва амалиётини тоталитар ва мисантропик деб қоралаш тўғрисида” баёнот қабул қилди. Баёнотда Украина парламенти БМТ, Европарламент, Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси, НАТО Парламент Ассамблеяси, шунингдек, бошқа мамлакатлар ҳукуматлари ва парламентларига “рашизм мафкураси, сиёсати ва амалиётини қоралашни” қўллаб-қувватлашга чақирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Владимир Зеленский рашизм

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг