Зеленский Украина бўйича конференцияда қатнашиш учун Германияга борди
Олам
−
11 Июнь
3525Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 10 июнь куни кечқурун Украинани қайта тиклаш бўйича халқаро конференцияда иштирок етиш учун Германияга борди. Бу ҳақда унинг ўзи Telegram-каналида маълум қилди.
Конференцияда Зеленскийнинг Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер, канцлер Олаф Шольц ва Бундестаг раиси Барбель Бас билан учрашиши режалаштирилган.
Германия Ташқи ишлар вазирлиги Берлиндаги Украинани қайта тиклаш бўйича конференцияда Германия ва Европа Иттифоқи Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Украинадаги лойиҳаси учун қўшимча маблағ ажратилишини маълум қилган. Умуман олганда, лойиҳа яна 30 миллион евро олиши белгиланди, бу эса унинг молиялаштирилишини 75 миллион еврогача оширади.
Маълумот учун, Украинани тиклаш бўйича халқаро конференция 11-12 июнь кунлари Берлинда бўлиши кўзда тутилган. Шунингдек, конференцияга 2000 га яқин иштирокчи – сиёсат, бизнес ва халқаро ташкилотлар вакиллари келиши кутилмоқда.
Украина Президентининг сўзларига кўра, унинг конференциядаги канцлер Шольц билан музокаралари мавзулари Россия Федерацияси томонидан давом етаётган ҳужумларда Украинага фавқулодда ёрдам кўрсатиш, Украинани мудофаадан кейинги қўллаб-қувватлаш, Украина ҳаво мудофаа тизимини ривожлантириш, шунингдек, биргаликда қурол ишлаб чиқариш бўлади.
“Биз позицияларни тинчлик саммити, Европа кенгаши саммити ва НAТО саммити арафасида мувофиқлаштирамиз”, дея қўшимча қилди Зеленский.
Бугун, 11 июнь куни Владимир Зеленский Бундестагда ҳам нутқ сўзлаши режалаштирилган. Тахминларга кўра, у ўз нутқида Киевнинг 15-16 июнь кунлари Швейцарияда Россия иштирокисиз бўлиб ўтадиган тинчлик саммитидан нималарни умид қилаётганини баён қилади.
Украина билан бирдамлик белгиси сифатида 10 июнь оқшомида 147 метрли Берлин радио минораси Украина байроғи рангларида ёритилган. 11 ва 12 июнь кунлари кунларида бу ёритиш давом етади. Александерплацдаги Берлин телеминораси ҳам 11 ва 12 июнь оқшомларида кўк ва сариқ рангларда ёритилиши кўзда тутилган.
Шаҳноза Ҳалилова
LiveБарчаси