Курс UZS

USD

12 973.31

12.93

EUR

14 329.02

176.29

RUB

151.19

-0.73

MIDWEEK : Ўртасига қил сиғмас Путин ва Трамп, Зеленский столидаги 4 таклиф, Бундестагдаги кескин ўзгариш

Таҳлил

Трамп бир-биридан қийин бўлган таклифлар орқали Зеленскийни бурчакка сиқишга муваффақ бўлди. Чунки сўнгги соатларда тарқалган хабарларда Украина Президенти ўзи томонидан 3 маротаба рад этилган табиий бойликларнинг катта қисмини АҚШга топшириш назарда тутилган келишувнинг бироз енгилроқ вариантини қабул қилгани айтилади.

Европа Иттифоқи расмийлари эса ҳеч қачон Украинага бундай талаб қўймаслик ва уни қўллашда давом этишини маълум қилди.

Трампнинг 4 йиллик даври Россия ва АҚШ муносабатларида мутлақо янги давр бўлиши мумкин. Москва ва Вашингтондаги расмий доиралар тинчлик масаласидан тортиб, табиий бойликлар борасида ҳамкорлик қилишга яқиндек. Таклифлар эса аллақачон берилди.

Жорий ҳафта ўртасигача дунёда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Midweek дастури.

 Зеленский қаршисидаги ҳалокатли “эшиклар” 

Трамп ҳокимият тепасига келгандан буён Украинанинг фойдали қазилмаларга кириш ҳуқуқига эга чиқишни назарда тутувчи келишув бўйича музокаралар ўртага чиқди. Вице-президент Жеймс Дэвид Вэнс, Молия вазири Скотт Бессент ва Трампнинг Украина-Россия ишлари бўйича вакили Кит Келлогг орқали бу масалалар кўп бор муҳокама қилинди. Украиналик манбаларнинг маълум қилишича, келишув ғояси Украина томонидан 2024 йилнинг сентябрида илгари сурилган. Ўшанда Украина Президенти Владимир Зеленский келажакда хавфсизлик ёрдами ва НАТОга таклиф эвазига АҚШга қазиб олиш ҳуқуқини беришни таклиф қилган. Аммо АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтон Киевга аллақачон кўрсатган ёрдам учун компенсация сифатида Украина ресурслари ва инфратузилмасини талаб қилиб, расмий Киевнинг режаларини барбод қилди. Айнан шу омил Зеленский ва Трамп ўртасидан ола мушук ўтишига сабаб бўлди. Сўнгги кунларда Трамп океан ортидан туриб, Зеленский манзилига йўллаган ҳақоратлари ва Украина Президентининг бунга жавоблари кўпчиликка маълум. “The Economist” нашри эса яқинда АҚШ ва Украина ўртасида табиий бойликлар ва бунинг эвазига Киев томонидан сўралган, аммо Трамп маъмурияти беришни хоҳламаётган хавфсизлик кафолати борасидаги музокараларда нақд уч маротаба юборилган таклифларни бирма-бир келтирди. Унга кўра, Вашингтоннинг Киевга топширган 3 хил таклифи “нисбатан яхшироқ”, “ёмон” ва “ҳалокатли” каби турларга бўлинади. Нашр манбаларига кўра, музокаралар бошланганидан бери Украина расмийлари АҚШ музокарачиларининг кетма-кет учта гуруҳи билан учрашган, уларнинг ҳар бири келишувнинг ўзига хос версиясини илгари сурган.

Келишувнинг биринчи версияси “ёмон” деб номланади. Бу 12 февраль куни АҚШ Молия вазири Скотт Бессент томонидан Зеленскийга тақдим этилган. Унда америкалик вазир Украина Президентидан шу кунгача кўрсатилган ёрдамлар эвазига ўз табиий ресурсларидан Қўшма Штатларга 500 миллиард доллар эквивалентида бадал тўлашни талаб қилувчи шартномани ўртага ташлаган. Аммо унда Украина табиий бойликларини олиш эвазига хавфсизлик кафолати тақдим қилиш кўзда тутилмаган. Айтилишича, Зеленский Бессент билан мазкур музокара чоғида унинг бу таклифидан “жуда ғазабланган”.

Шартноманинг иккинчи варианти эса таклиф қилинган барча лойиҳалар орасидаги “нисбатан яхшироғи” деб аталади. Бу Украина томонига Трампнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлогг ва АҚШ вице-президенти Жеймс-Дэвид Вэнс томонидан Мюнхен хавфсизлик конференциясида тақдим этилган. “The Economist” нашрининг ёзишича, биринчи версия сингари, иккинчи версияда ҳам Украинага мудофаа ишларида ёрдам бериш ваъдаларининг ҳеч бир кўриниши мавжуд бўлмаган. Содда қилиб айтганда, “олиш бор-у, бериш йўқ” бўлган. Эсингизда бўлса, айнан шу Мюнхен конференциясидан сўнг, Трамп ва Зеленский ўртасида даҳанаки жанг бошланиб кетганди. Зеленский дастлаб, Ар-Риёдда ўтказиладиган АҚШ ва Россия ўртасидаги музокаралар Украинасиз ўтиши аниқ бўлгач, Киев мазкур учрашувнинг ҳеч бир натижасини тан олмаслигини маълум қилганди. Трамп эса шундан сўнг унинг легитимлиги мавзусини кўтарди, ҳатто Зеленскийни “сайловларсиз диктатор” дейиш даражасига ҳам чиқди. Бу орада Украина Президенти АҚШ томонидан таклиф қилинган шартномада хавфсизлик кафолати йўқлиги, бу жаҳон урушидан кейин Германия ва унинг иттифоқчиларига юклатилган репарациянинг худди ўзи эканини айтиб, Украинани сота олмаслигини маълум қилди. Бугун эса мазкур можаролар содир бўлган ўша кунларда Зеленский ва Трамп айнан юқорида қайд этилган икки таклиф борасида келиша олмагани ойдинлашмоқда. Албатта, Трампнинг “иқтисодий қарамлик”дан бошқа ҳеч нарса бўлмаган бундай таклифлари Киевни ранжитиши табиий эди.

Аммо бу ҳали “хамир учидан патир” эди десак янглишмаган бўламиз. Чунки “The Economist”нинг ёзишича, 20 февраль куни Киевга келишувнинг учинчи варианти, яъни энг “ҳалокатли”си тақдим қилинган. Ушбу версияга кўра, АҚШ Украинадан келажакдаги табиий ресурслар ва инфратузилма, жумладан, портлардан тушадиган давлат даромадларининг 50 фоизини АҚШ ҳукуматига тегишли янги инвестиция фондига ўтказишни талаб қилган. Ушбу жамғармага бадаллар жамғарманинг умумий миқдори 500 миллиард долларга етгунча давом этиши кўзда тутилган. Киев эса бундай кутилмаган таклифдан “ҳайратда қолган”. Мазкур қўрқинчли таклифнинг муаллифи эса АҚШ Савдо вазири Ховард Латник экани айтилади. Нашр билан суҳбатлашган Украина расмийларидан бири эса бу таклиф қабул қилинса, халқ эртаси куниёқ уларни судсиз қатл қилиши мумкинлигини айтган. 

Шу тариқа Украинанинг келгусида АҚШ ёрдамига таяниши сўроқ остида қолди. Трамп эса бу ишни Украина халқига тегишли бўлган мамлакат табиий бойликларининг катта қисмига эга чиқмай туриб амалга оширмоқчи эмаслиги қуруқ гап-сўз эмаслиги маълум бўлди. Юқорида шу кунгача тақдим қилинган таклифларга назар ташланса, у Украина табиий ресурсларини қўлга киритган тақдирда ҳам унинг хавфсизлигини таъминлашни режаламаётгандек таассурот қолдираётганди. Бир қарашда бу борадаги музокаралар боши берк кўчага киргандек туюлди. Аммо “The Economist” нашрнинг украиналик манбалари келишув бўйича музокаралар издан чиқмаганини маълум қилганди. Ортда қолган соатларда тарқалган хабарларга кўра, якунда охир-оқибат шундай ҳам бўлган кўринади. FT нашри украиналик расмийларга таянган ҳолда Киев ва Вашингтон ўртасида табиий ресурслар бўйича музокара тузилгани ҳақида хабар берди. Унга кўра, Вашингтон дастлаб таклиф қилинган энг қатъий шартлардан, хусусан, АҚШ Украина қазилма бойликларидан олинадиган потенциал 500 миллиард доллар даромадга эгалик қилиш талабидан кечган. Нашр манбасининг таъкидлашича, Киев янада қулай шартларни қўлга киритишга муваффақ бўлган ва ушбу битимни АҚШ билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконияти сифатида қабул қилган. АҚШ томонидан Украинага тақдим қилинган бу таклиф 4-версия эди ва 24 февраль куни ниҳоят тасдиқланди. Якуний келишув матнига кўра, томонлар махсус фонд ташкил этишга келишиб олган. Украина фойдали қазилмалар, нефть ва газ қазиб олишдан келадиган даромаднинг 50 фоизини ушбу фондга йўналтиради. Фонд маблағлари фақат мамлакат ичидаги лойиҳаларга инвестиция қилиш учун ишлатилади. Мавжуд давлат ресурсларига таъсир қилмайди, яъни Нафтогаз ва Укрнафта каби йирик нефт ва газ ишлаб чиқарувчи компанияларнинг фаолияти ўзгаришсиз қолади. Бироқ битим АҚШ томонидан хавфсизлик кафолатларини таъминлашни ўз ичига олмайди, бу эса илгари Киев томонидан талаб қилинганларнинг энг асосийси эди. Боз устига ушбу келишувда бир қатор мавҳумликлар сақланиб қолган. Хусусан, АҚШнинг фонддаги улуши ва активларни биргаликда бошқариш механизмлари ҳали ҳам очиқ масала бўлиб қолаётгани ва бу бўйича қўшимча музокаралар талаб этилиши айтилди. Келишув Украина Адлия, Иқтисодиёт ва Ташқи ишлар вазирлари томонидан аллақачон маъқуллангани ва энди ҳужжат Олий Радада тасдиқланиши лозимлиги айтилади. Яқин ҳафталарда Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШга ташриф буюриб, Президент Дональд Трамп билан мазкур битимни расмий равишда имзолаши кутилмоқда.

Европа Украинани қўллашда давом этмоқчи

Европа етакчилари Трампнинг кутилмаган реакциясидан сўнг Украина ва бутун қитъа хавфсизлигини ўз зиммаларига олишини лозимлигини аллақачон туша бошлади. Улар айни дамда босқин остидаги Украинани рамзий ва амалий қўллаб-қувватлашни кучайтирди. Хусусан, 24 февраль куни тонгда Россия босқинига 3 йил тўлиши муносабати билан Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа кенгаши раиси Антониу Кошта Украина пойтахти Киевга етиб борди. Икки юқори мартабали европалик сиёсатчи Украина билан бирдамлик изҳор этди ва Россия босқини шароитида мамлакатга қўшимча ёрдам беришга ваъда берди. Киевга етиб келгач, фон дер Ляйен Х платформасида омон қолиш учун курашда фақат Украина эмас, балки Европа тақдири хавф остида эканига ишора қилди. Ўша куни Владимир Зеленскийнинг томонидан Киевга фон дер Ляйен ва Коштадан ташқари яна 13 мамлакатдан давлат ва ҳукумат раҳбарлари келиши маълум қилинди. Европа Иттифоқи етакчиларининг ташрифи фақатгина рамзий аҳамият касб этмади. Жумладан, Урсула фон дер Ляйен тез орада қурол ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва Европа Иттифоқининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли режа тақдим этишини маълум қилди. Бу чоралардан Украина ҳам фойда олиши кераклиги таъкидланди. Бундан ташқари, фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, Украинанинг ҳам, бутун Европа Иттифоқининг ҳам энергия хавфсизлигини яхшилаш бўйича кейинги қадамлар қўйилади. Шунингдек, Украина ва Молдова электр энергияси бозорлари келаси йил охиригача Европа бозорига тўлиқ интеграция қилиниши ваъда қилинди. 

Ўз ўрнида, Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Россиянинг Украинага босқини бошланганининг 3 йиллиги муносабати билан 24 ферваль куни йўллаган мурожаатида расмий Берлин Киевга ёрдам кўрсатишда давом этиши ва бу кўмак инсонпарварлик ёрдами, мамлакатдан қочганларни ҳимоя қилиш ва ҳарбий ёрдам кўрсатиш орқали амалга оширилишини маълум қилди. Унинг қайд этишича, Германия босқин тугамагунча Киевни қўллаб-қувватлашни тўхтатмайди. Шу билан бирга, Германия Россия босқини оқибатида вайрон бўлган Украина шаҳарларини тиклашда иштирок этиши ва мамлакатнинг тинч ҳаётга қайтишида ўз ёрдамини аямайди.

Шунингдек, Буюк Британия ва Франция, тинчлик келишувидан сўнг, Украинага 30 минггача европалик тинчликпарвар кучларини жойлаштириш режасини тайёрлаётгани ҳақида хабарлар тарқади. WSJ маълумотларига кўра, Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер 27 февраль куни Вашингтонда Оқ уй раҳбари билан учрашувда Трампга тегишли режа лойиҳасини кўрсатмоқчи. Нашр манбасига кўра, бу режа ортида айнан Британия ҳукумати турибди. Франция Президенти Эммануэль Макрон эса аллақачон АҚШ Президенти билан учрашди. Рамзий 24 февраль куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан Украинадаги босқин ва келгусидаги қадамлар ҳақида суҳбатлашди. Макрон ўт очишни тўхтатиш шарти билан Европа Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим этишга тайёр эканини маълум қилди. Бу борада ўша олдиндан хабар берилган режа яъни, мамлакатга тинчликпарварлик кучларини жўнатиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Макрон АҚШга ташрифи чоғида ҳатто яқин ҳафталарда Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича сулҳ имзоланиши мумкинлигини айтган. Трамп эса Европа қўшинларининг тинчликпарвар сифатида Украинага жойлаштирилишига қарши эмаслигини кўп бор таъкидлаган. У ҳатто бу масалани Россия Президенти Владимир Путин билан ҳам муҳокама қилгани ва Путин ҳам бунга қарши эмаслигини айтди. Аммо Кремль аввалроқ Европа қўшинларининг Украинада жойлаштирилишига Россия ижобий қарамаслигини маълум қилганди. Аммо Франция Президенти тинчликпарвар кучларнинг аҳамияти ва умуман олганда Украина армиясининг мустаҳкамланиши ҳаётий зарурат деган фикрида қатъий. Макрон Украинада доимий тинчлик ўрнатиш учун зарур мудофаа салоҳияти 800 минг қўшин билангина таъминланиши мумкинлигини айтди. Чунки у 3 йилдан буён давом этаётган Россия босқинига йўл очган омиллардан бири сифатида ўша пайтда Украина етарли қуролли кучларга эга бўлмаганини келтирди.

Трамп ва Путин орасига қил ҳам сиғмаяпти

Сўнгги кунларда эски қадрдонлар Трамп ва Путин бир-бири билан ҳар қачонгидан-да яқин муносабатда бўлаётгандек таассурот уйғотмоқда. Трамп ҳар лаҳзада унинг ҳимоясига отланиши одатий тусга кирди. Масалан, Макроннинг АҚШга ташрифи чоғида ўтказилган матбуот анжуманида Трамп Путинни “диктатор” деб аташдан бош тортган. Бир ҳафта олдин эса АҚШ Президенти Зеленскийни уруш даврида сайлов ўтказишдан бош тортгани учун “диктатор” деб бутун оламга жар солганди. 24 февраль куни БМТ Бош Ассамблеясидаги АҚШнинг ҳаракатлари ҳаммасидан кўра ажабланарли бўлди. Шу куни Бош Ассамблея томонидан Россиянинг Украинага босқини 3 йилга тўлиши муносабати билан Москва қарши қабул қилинган резолюцияга АҚШ қарши овоз берди ва уни ёқламади. Бу босқин бошлангандан буён Украина ва Россия масаласи юзасидан АҚШнинг энг ҳайратланарли қарори бўлди. Ушбу резолюцияни 193 мамлакатдан 93 таси қўллаб-қувватлаган. АҚШ ва Россия бошчилигидаги 18 давлат эса бунга қарши овоз берган. 65 давлат, жумладан Ўзбекистон ҳам мазкур резолюция қабул қилинишида бетараф қолди. 

Юқорида қайд этилганлар Трамп ва Путин ўртасидаги қалин муносабатларга ишора қилувчи кичик мисоллар холос. Икки давлат табиий бойликлар масаласида ҳам ўзаро чуқур ҳамкорлик ўрнатишга катта қадамлар ташламоқда. Ҳатто Россия Президенти Владимир Путин АҚШга Россия ҳудудида ноёб металларни қазиб олиш соҳасида ҳамкорлик қилишни таклиф қилди.  У мамлакатлар биргаликда алюминий ишлаб чиқариши мумкинлигини айтди. Россия Президенти бу ҳақда 24 февраль куни ўзининг этагидан маҳкам тутган ва доим унинг ёнида ҳозир-у нозир бўлувчи мухбир – Павел Зарубин билан суҳбатда маълум қилинди.

“Америка компаниялари билан бу соҳада ҳамкорлик қилиш ҳақида ўйлашимиз мумкин. Мисол учун, Красноярск ўлкасида, ҳатто Совет даврида ҳам янги ГЭС қуриш ва қўшимча алюминий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш режалаштирилган эди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, у бугунги нархларда 15 миллиард долларга тенг эди ёки бўлади, лекин биз бу ҳақда ўйлашимиз мумкин”, деб тушунтирди Президент.

Россия Федерациясидаги нодир ер металлари ҳақида гапирар экан, Путин бугунги кунда мамлакатда уларни ўзлаштириш бўйича етарли ишлар қилинмаётганини тан олди. Путин табиий бойликлар устида АҚШ билан ҳамкорлик қилиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Аммо у нега алюминий саноатига алоҳида тўхталиб ўтди. Хойнахой бунга етарлича сабаблар бор. Чунки икки Путиннинг Зарубин билан интервюсидан бироз олдин Европа Иттифоқи Россияга қарши ўзининг 16-санкциялар пакетини қабул қилди. Мазкур санкциялар транши эса асосан Россиянинг алюминий саноатини қамраб олиши айтилганди. Ушбу металл борасида АҚШ билан ҳамкорлик Россия учун бугунги мавжуд шароитда айни муддаодир. 

АҚШ ва Россиянинг табиий бойликлар ва бошқа масалаларда келгуси 4 йилликда амалга оширилиши мумкин бўлган анчагина яқин ҳамкорлигига ишора қилувчи бошқа жиддий белгилар ҳам мавжуд. Масалан, Путин Ар-Риёдда америкалик дипломатлар билан музокарага Лавро ва Ушаковга қўшиб юборган Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриевга қўшимча мажбурият ва вазифалар юклади. Хусусан, Россия Президенти Дмитриевни халқаро иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакил этиб тайинлади. Унга кўра, Кирилл Дмитриев Россиянинг халқаро иқтисодиёт ва сармоя бўйича махсус вакили сифатида ишлайди. Дмитриев 18 февраль куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган АҚШ ва Россия музокараларида иштирок этганди. Ўшанда Кремлнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаков ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокарада иштирок этган Дмитриев АҚШ вакиллари билан иқтисодий ҳамкорликни муҳокама қилди. Ар-Риёдда ҳам иқтисодий ҳамкорлик ва Россияга сармоя киритиш ҳақида чақириқлар янграганди.

Меркелнинг партияси ҳокимиятга қайтди

Германияда бўйлаб бугун, 23 февраль куни Бундестагга навбатдан ташқари сайловлар ўтказилди. 59 миллиондан кўпроқ сайлов ҳуқуқига эга аҳолиси бор Германиядаги муддатидан олдин сайловларда жами 29 та сиёсий партия иштирок этди. Сайловдан олдинги сўровлар амалдаги ҳукмрон партиянинг мағлубиятга учраш эҳтимоли юқори эканини кўрсатганди. Сўровлар консерватив ХДИ/ХИИ блоки энг кўп қўллаб-қувватланаётганини кўрсатган. Ундан кейин ўта ўнгчи Германия учун муқобил партияси ўрин олиши кутилганди. Экзит пол ҳукмрон ГСДП ва чап либерал “Яшиллар” партияси мос равишда кейинг ўринларни банд қилишини кўрсатганди. Якуний натижалар эса ҳудди шундай кўриниш олди. Парламент сайловларида Фридрих Мерцнинг Христиан-демократик ва Христиан-социал иттифоқи альянси ғалаба қозонди. Улар сайловчиларнинг 28,6 фоиз овозини қўлга киритган. “Германия учун муқобил” партияси ўз тарихида илк бор иккинчи ўринни эгаллаб, 20,8 фоиз овоз олган. Ташкил топганига энди 12 йил бўлган ва айни дамда АҚШнинг янги маъмурияти муҳим ўрин тутувчи шахслар, хусусан Илон Маск ва вице-президент Вэнс томонидан қўллаб-қувватланган мазкур ультрапопулист партиянинг муваффақияти кўпчиликни ҳайратлантирди. Ҳукмрон Германия Социал-демократик партияси эса аксинча ўз тарихидаги энг ёмон натижани қайд этиб, 16,4 фоиз овоз билан учинчи ўринда қолди. Бу эса амалдаги канцлер Олаф Шольцнинг ҳукумат бошқарувидан кетишини англатади. Чунки парламент сайловида ғолиб бўлган партия етакчиси канцлер лавозимини эгаллайди. Бу инсон эса ХДС/ХСИ альянси етакчиси Фридрих Мерцдир. 

Шундай қилиб, ХДИ/ХСИ альянси Бундестагда 208 та, ГуМ партияси – 151 та, ГСДП эса – 121 та, “Яшиллар” – 85 та, “Чап партия” – 64 та ўринга эга бўлади. Бундан ташқари, бир нафар мустақил номзод ҳам парламентга киради. Бўлажак канцлер Фридрих Мерц ҳукуматни Пасха кунигача яъни 20 арелга қадар шакллантиришини маълум қилди. Аммо бунинг учун Мерц сайловда нисбатан кўпроқ овоз тўплаган бошқа партиялар билан коалиция тузиши лозим. Баъзилар буни имконсиз демоқда. Чунки сайловда иккинчи ўринни қўлга киритган ГуМ партияси билан ҳеч бир партия ёки альянс иттифоқ тузмайди. Негаки, Германиядаги сиёсий қадриятларга кўра, ўта ўнг тафаккурдаги партия билан яқинлашиш табу ҳисобланади. Аммо бундан бир неча ҳафта олдин Фридрих Мерцнинг альянси миграция сиёсатини қаттиқлаштириш назарда тутилган қонун лойиҳасини Бундестагдан ўтказишда ГуМнинг ёрдамига таянганди. Бу эса кутилганидек кескин танқидлар ёмғирига олиб келди. Германия сиёсати учун шармандлик дея баҳоланган мазкур воқеа ҳатто собиқ канцлер Ангела Меркелнинг ҳам жиддий эътирозига сабаб бўлиб, у Мерцни қаттиқ танқид қилганди. Шунинг учун ҳамма нарса содир бўлиши мумкин. устига устак, юқорида таъкидланганидек ГуМ партияси АҚШнинг йирик даражали расмийлари томонидан катта-катта минбарлардан туриб қўллаб-қувватланмоқда. Бироқ Мерц ультра ўнглар билан коалиция тузмасликни қайта-қайта такрорлади ва бунга ваъда берди. Шольц эса Мерцни ғалабасини тан олиб уни табриклаган бўлсада, у бошчилигидаги ҳукуматда ишламоқчи эмас. Аммо барибир, ХДИ/ХСИ альянси Бундестагда мустақил равишда кўпчиликни қўлга кирита олмагани сабаб бошқа рақиблар билан коалиция тузишга мажбур. Акс ҳолда ҳаммаси чиппакга чиқади. Қайтадан сайловлар ўтказишга тўғри келади. Ғалабани қўлдан чиқармаслик учун ғолиб альянс Бундестагдаги 630 ўриндан 316 тасига эгалик қилувчи коалиция тузишга мажбур. Мерц ва Шольц партияларининг эга чиққан ўринлари эса умумий ҳисобда 329 тани ташкил қилади ва бу етарли кўрсаткич. Бироқ барчаси партияларнинг қарорларига боғлиқ. 20 апрелга эса икки ойдан кам муддат қолди.

Германия бўйлаб бугун, 23 февраль куни Бундестагга навбатдан ташқари сайловлар ўтказилди. 59 миллиондан кўпроқ сайлов ҳуқуқига эга аҳолиси бор Германиядаги муддатидан олдинги сайловларда жами 29 та сиёсий партия иштирок этди. Сайловдан олдинги сўровлар амалдаги ҳукмрон партиянинг мағлубиятга учраш эҳтимоли юқори эканини кўрсатганди. Сўровлар консерватив ХДИ/ХИИ блоки энг кўп қўллаб-қувватланаётганини кўрсатган. Ундан кейин ўта ўнгчи Германия учун муқобил партияси ўрин олиши кутилганди. Экзит пол ҳукмрон ГСДП ва чап либерал “Яшиллар” партияси мос равишда кейинги ўринларни банд қилишини кўрсатганди. Якуний натижалар эса худди шундай кўриниш олди. Парламент сайловларида Фридрих Мерцнинг Христиан-демократик ва Христиан-социал иттифоқи альянси ғалаба қозонди. Улар сайловчиларнинг 28,6 фоиз овозини қўлга киритган. “Германия учун муқобил” партияси ўз тарихида илк бор иккинчи ўринни эгаллаб, 20,8 фоиз овоз олган. Ташкил топганига энди 12 йил бўлган ва айни дамда АҚШнинг янги маъмуриятида муҳим ўрин тутувчи шахслар, хусусан Илон Маск ва вице-президент Вэнс томонидан қўллаб-қувватланган мазкур ультрапопулист партиянинг муваффақияти кўпчиликни ҳайратлантирди. Ҳукмрон Германия Социал-демократик партияси эса аксинча ўз тарихидаги энг ёмон натижани қайд этиб, 16,4 фоиз овоз билан учинчи ўринда қолди. Бу эса амалдаги канцлер Олаф Шольцнинг ҳукумат бошқарувидан кетишини англатади. Чунки парламент сайловида ғолиб бўлган партия етакчиси канцлер лавозимини эгаллайди. Бу инсон эса ХДС/ХСИ альянси етакчиси Фридрих Мерцдир. 

Шундай қилиб, ХДИ/ХСИ альянси Бундестагда 208 та, ГуМ партияси – 151 та, ГСДП эса – 121 та, “Яшиллар” – 85 та, “Чап партия” – 64 та ўринга эга бўлади. Бундан ташқари, бир нафар мустақил номзод ҳам парламентга киради. Бўлажак канцлер Фридрих Мерц ҳукуматни Пасха кунигача, яъни 20 апрелга қадар шакллантиришини маълум қилди. Аммо бунинг учун Мерц сайловда нисбатан кўпроқ овоз тўплаган бошқа партиялар билан коалиция тузиши лозим. Баъзилар буни имконсиз демоқда. Чунки сайловда иккинчи ўринни қўлга киритган ГуМ партияси билан ҳеч бир партия ёки альянс иттифоқ тузмайди. Негаки, Германиядаги сиёсий қадриятларга кўра, ўта ўнг тафаккурдаги партия билан яқинлашиш табу ҳисобланади. Аммо бундан бир неча ҳафта олдин Фридрих Мерцнинг альянси миграция сиёсатини қаттиқлаштириш назарда тутилган қонун лойиҳасини Бундестагдан ўтказишда ГуМнинг ёрдамига таянганди. Бу эса кутилганидек кескин танқидлар ёмғирига олиб келди. Германия сиёсати учун шармандалик дея баҳоланган мазкур воқеа ҳатто собиқ канцлер Ангела Меркелнинг ҳам жиддий эътирозига сабаб бўлиб, у Мерцни қаттиқ танқид қилганди. Шунинг учун ҳамма нарса содир бўлиши мумкин. устига устак, юқорида таъкидланганидек, ГуМ партияси АҚШнинг йирик даражали расмийлари томонидан катта-катта минбарлардан туриб қўллаб-қувватланмоқда. Бироқ Мерц ультра ўнглар билан коалиция тузмасликни қайта-қайта такрорлади ва бунга ваъда берди. Шольц эса Мерцни ғалабасини тан олиб, уни табриклаган бўлса-да, у бошчилигидаги ҳукуматда ишламоқчи эмас. Аммо барибир, ХДИ/ХСИ альянси Бундестагда мустақил равишда кўпчиликни қўлга кирита олмагани сабаб бошқа рақиблар билан коалиция тузишга мажбур. Акс ҳолда ҳаммаси чиппакка чиқади. Қайтадан сайловлар ўтказишга тўғри келади. Ғалабани қўлдан чиқармаслик учун ғолиб альянс Бундестагдаги 630 ўриндан 316 тасига эгалик қилувчи коалиция тузишга мажбур. Мерц ва Шольц партияларининг эга чиққан ўринлари эса умумий ҳисобда 329 тани ташкил қилади ва бу етарли кўрсаткич. Бироқ барчаси партияларнинг қарорларига боғлиқ. 20 апрелга эса икки ойдан кам муддат қолди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия АҚШ Россия Владимир Путин Дональд Трамп Европа Иттифоқи Россия-Украина Украина Владимир Зеленский Олаф Шольц Фридрих Мерц

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг