Зеленский УХХга янги раҳбар тайинлади. У тизимни хоинлардан тозаламоқчи
Олам
−
07 Февраль 2023
11238Василий Малюк Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда бугун, 7 февраль Президент сайтида хабар берилди.
Илгари Малюк Хавфсизлик хизмати раиси вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритган. Унинг номзоди Олий Радада 324 депутат томонидан маъқулланган.
“Овоз беришда Украина президенти, вице-президент, Бош вазир, Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби, Бош прокурор иштирок этди. Президент ўз нутқида халқ депутатларини Василий Малюкга овоз беришга чақирди. У тажовузга қарши курашиш, қаҳрамонларимизни қайтариш ва озод қилишдаги ролини қайд этди”, деб ёзди депутат Ярослав Железняк.
Олий Рада йиғилида Хавфсизлик хизмати бошлиғи лавозимига тасдиқланган Малюк ҳам нутқ қилиб, хизмат "хоинлардан тозаланишини" таъкидлаган.
"Мен ҳарбийман ва бутун умримни мамлакатни ҳимоя қилишга бағишладим. Хизмат хоинлардан тозаланади. Барча даражадаги ҳамкорликка қарши курашга алоҳида урғу берилади", дейди Малюк.
Василий Малюк ким?
2005 йилда Василий Малюк Украина Хавфсизлик хизмати Миллий академиясида ҳуқуқшунослик бўйича олий юридик маълумот олган.
2001 йилдан бери хавфсизлик хизмати ходими сифатида ташкилотнинг минтақавий органларида хизмат қилган. У терговчидан коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғигача бўлган лавозимларда ишлаган.
2020 йил январь ойида у Хавфсизлик хизматининг Киевдаги марказий бошқармасига ишга ўтди. Ўша йилнинг март ойида Зеленский Малюкни Хавфсизлик хизмати раҳбарининг биринчи ўринбосари ва Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинлади.
2021 йилнинг 26 июлида давлат раҳбари Малюк ва Хавфсизлик хизматининг яна 3 нафар ходими – Ахборот хавфсизлиги соҳасида давлат манфаатларини аксилразведка томонидан ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Алексей Корнийчук, Черновци вилоятидаги Хавфсизлик хизмати бўлими бошлиғи Виталий Монастйрецкий ва Хавфсизлик хизмати ҳузуридаги Аксилтеррор маркази раҳбари вазифасини бажарувчи Руслан Баранецкийни ишдан бўшатди.
2022 йил 18 июлда Президент Василий Малюкни Хавфсизлик хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинлади.
LiveБарчаси