Зеленский учрашувга тайёр. Путинчи?

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Россия раҳбари Владимир Путин билан ҳудудий масалаларни муҳокама қилишга тайёр. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Кислица NBC News телеканалига берган интервьюсида сўз очди.

Унинг айтишича, Зеленский бу масалада Украина қонунчилигига ҳам, жамоатчилик фикрига ҳам асосланади. Шу билан бирга, Украина жамияти “ер эвазига тинчлик”ка қатъий қарши. 

“Аммо ҳудудий масалаларга келганда, Президент Зеленский Путиннинг ўзи билан бу борада музокара ўтказишга тайёр эканини ва ҳозирги тўқнашув чизиғидан бошлаб гаплашишни хоҳлашини очиқ айтди”, деган Украина вакили. 

Бундан олдин Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Аляскадаги саммитда Россия айрим масалаларда “мослашувчанлик” кўрсатганини, бироқ Зеленский ҳаммасига “йўқ” деганини айтганди. Лавровнинг сўзларига кўра, Зеленский Украина НАТОга аъзо бўлишидан воз кечиш, ҳудудий масалаларни муҳокама қилиш ва рус тилидан фойдаланиш тақиқини бекор қилиш каби шартларни рад этган. 

“Reuters” нашри эса манбаларга таяниб, Москва саммит чоғида ҳудудий муроса сифатида фронт чизиғини Херсон ва Запорожье вилоятларида музлатиб қўйишга рози бўлгани, ҳолбуки илгари уларни тўлиқ назорат қилишни талаб қилганини ёзган. 

Зеленский эса Украина қандай ҳудудий шартларга рози бўлиши ҳақида гапириш мумкин эмаслиги, аввал Россиянинг аниқ талаблари очиқ бўлиши зарурлигини таъкидлаган. У, шунингдек, бундай алмашувни Киев қонуний жиҳатдан “мутлақо тан олмаслигини” қайд этган.

АҚШ Президенти Дональд Трамп эса Зеленский ва Путин учрашуви натижа бермаслиги мумкинлигини айтган. У Оқ уйда Зеленский ва Европа етакчилари билан ўтказилган саммитдан сўнг икки давлат раҳбарлари учрашуви тайёргарлиги бошланганини маълум қилган. Трампнинг фикрича, аввал улар ўзаро юзма-юз учрашиши, кейин эса Трамп иштирокидаги уч томонлама учрашув ўтказилиши мумкин. У агар икки ҳафта ичида музокара бўлмаса, АҚШ “жуда муҳим қарор” қабул қилишини, бу кенг кўламли санкциялар, божлар ёки умуман ҳеч қандай чоралар бўлмаслиги мумкинлигини айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, 20 август куни Киевда журналистлар билан учрашувда Владимир Зеленский яна бир бор мамлакат ҳеч қачон Россия томонидан эгалланган ҳудудларни қонуний тарзда тан олмаслигини маълум қилганди. Зеленский Донбасс масаласига ҳам тўхталиб, Россиянинг минтақани тўлиқ эгаллаши учун камида тўрт йил керак бўлишини айтган. Унга кўра, тўрт йил давомида Россия фақат Донецк вилоятининг учдан бир қисмини босиб олган ва Донбассни тўлиқ эгаллаш ҳақидаги гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Украина Владимир Зеленский Сергей Кислица

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг