Зеленский Трампдан ёрдамни тезлаштиришни сўради
Олам
−
28 Май 2187 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Конгрессга мурожаат қилиб, Украинага Patriot ҳаво мудофаа тизимлари ва ракетага қарши ўқ-дориларни тезроқ етказиб беришни сўради. Бу ҳақда “The Guardian” хабар қилди.
Зеленскийнинг билдиришича, Россиянинг баллистик ракеталари мамлакат Президенти Владимир Путиннинг “жанговар майдондаги сўнгги катта устунлиги” бўлиб қолмоқда ва уларни зарарсизлантириш Москвани музокараларга мажбур қилади.
Украина етакчисининг маълум қилишича, 24 май куни бўлган оммавий ҳужум вақтида Россия Украинага 30 та баллистик ракета учирган ва уларнинг фақат 11 таси уриб туширилган. Шунингдек, Москва икки дона ядровий заряд ташишга қодир “Орешник” ракетасини ҳам қўллаган.
Ҳозирча Украина Россиянинг баллистик ракеталарини асосан АҚШда ишлаб чиқарилган Patriot тизими орқалигина йўқ қила олади. Бироқ уруш давомида Киев доим бу ракеталар танқислигига дуч келган. АҚШ уларни Европа молиялаштираётган PURL дастури орқали етказиб бериши керак, аммо Эрон билан боғлиқ можаро ва Трампнинг Украинага нисбатан совуқ муносабати таъминотга таъсир қилмоқда.
Зеленский мактубида ракетадан мудофаа тизимларини Путинни музокара столига олиб келиш воситаси сифатида таърифлаган. Унинг таъкидлашича, Россия оддий қуролларда устунликка эга экан, Кремль дипломатиядан қочишда давом этади. Шу билан бирга, Россия Мудофаа вазирлиги Харьков ва Запорожье вилоятларидаги айрим қишлоқларни эгаллаганини даъво қилган. Украина ҳарбийлари эса бу хабарларни рад этиб, Россия катта йўқотишларга учраётганини билдирган.
Украина Қуролли кучларининг Учинчи армия корпуси қўмондони генерал Андрей Билецкийнинг фикрича, кейинги олти ой уруш тақдири учун ҳал қилувчи давр бўлади. У Россия армияси чарчаганини ва йирик ҳужумлар уюштириш имконияти камайганини айтган.
Финляндиядаги Black Bird таҳлил маркази эксперти Жон Хелин ҳам Россия кучларида чарчоқ сезилаётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Украинада ҳам жонли куч муаммоси сақланиб турибди, аммо ҳозирги тенденцияларга қараганда, аввал Россия армияси заифлашиши эҳтимоли юқори.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг “Орешник” ўрта масофали баллистик ракетасини қўллаши Европа давлатларининг кескин танқидига сабаб бўлган эди.