Зеленский сиёсатчилар ичидаги “энг буюк савдогар” – Трамп
Олам
−
17 Июнь
8374Дональд Трамп учун Владимир Зеленский ўзи таниган “энг буюк савдогарлардан” бири ҳисобланади. Бу ҳақда у Огаё штатининг Вандалия шаҳрида бўлиб ўтган сайловолди митинги чоғида сўз очди.
Собиқ президент АҚШ Киевга шунчаки ёрдам кўрсатиш ўрнига, унга қарз бериши кераклиги ҳақидаги олдинги фикрини яна бир бор таъкидлади. У шунингдек, Украина давлат раҳбари ҳар сафар АҚШга ташриф буюрганида чўнтаклари тўла нақд пул билан Вашингтонни тарк этишга муваффақ бўлишини киноя қилди.
“Биз уларга пул жўнатмаслигимиз керак, аксинча, пулни қарзга беришимиз лозим. Уларга қарз беринг, 60 миллиард долларлик чек топширманг”, деб хитоб қилди у.
Байден ҳозирда Конгрессни Киевга 60 миллиард долларлик қўшимча ҳарбий ёрдамни ўз ичига олган 95 миллиард долларлик ташқи ёрдам лойиҳасини қабул қилишга ундамоқда. Унинг таъкидлашича, агар қонун лойиҳаси тасдиқланмаса, Украина Россияга кўп ҳудудини бериб қўяди. Ушбу лойиҳа ҳозирда Республикачиларнинг қаршилиги туфайли Конгрессда тўхтаб қолган.
2022 йил февралида Россия ва Украина ўртасидаги можаро бошланганидан буён Вашингтон Киевнинг асосий қўллаб-қувватловчиси бўлиб, унга 113 миллиард долларга яқин ҳарбий, иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатди.
Дональд Трамп эса бу молиявий қўлловлар фонида Зеленскийни тарихдаги энг буюк савдогарлардан бири эканлигини айтди.
“У ҳар сафар мамлакатимизга келганида 50 ёки 60 миллиард доллар билан чиқиб кетади. Мен буни ҳеч қачон қила олмаганман. У мендан анча яхшироқ савдогар”, дейди собиқ президент.
Оқ уй, шунингдек, 2022 йилда музлатилган Россиянинг қарийб 285 миллиард долларлик активларини мусодара қилиш ва бу пулларни Украина фойдасига расмийлаштириш вариантларини кўриб чиқмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ вице-президенти Камола Ҳаррис Вашингтон маъмурияти энергия тизимини тиклаш ва бошқа эҳтиёжлар учун Украинага 1,5 миллиард доллар ажратишини маълум қилганди.
LiveБарчаси