Зеленский Шавкат Мирзиёевдан Украина ҳудудий яхлитлигини қўллагани учун миннатдор
Таҳлил
−
25 Август 6423 3 дақиқа
24 август – Украинанинг мустақиллик байрами. Украина 1991 йил 23 августда рус босқинчилиги ва колониализмнинг энг сўнги унсури бўлган КПСС (Совет Иттифоқи Коммунистик партияси) ўз фаолиятини якунлаганидан бир кун ўтиб, қолганлардан фарқли равишда Москвага кўз тикмасдан тезроқ сиёсий ирода кўрсатиб, ўз мустақиллигини эълон қилган эди. 2025 йил 24 августда Болтиқбўйи мамлакатлари ва бошқа постсовет давлатлари қаторида мазкур давлат ҳам 34 ёшга тўлди. 3 ярим йилдан буён Россиянинг кенг кўламли босқинидан ўзини ҳимоя қилиб келаётган Украинанинг мустақиллик куни муносабати билан Киевга дунёнинг турли нуқталаридан давлат раҳбарлари томонидан байрам табриклари йўлланди.
Кеча, 24 август куни Зеленский бутун кун давомида шундай табрикларни ўзининг X’даги саҳифасида эълон қилиб қилиб борди. Марказий Осиё лидерлари орасидан дастлаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мустақиллик куни муносабати билан Украина Президенти Зеленскийга телеграмма юборгани маълум бўлди. Кун охирига келиб мазкур табриклар орасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қутлови ҳам пайдо бўлди. Украина етакчиси Владимир Зеленский Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табригини Х платформасидаги саҳифасига жойлаб, миннатдорлик билдирди.
“Президент Мирзиёев, Украина Мустақиллик куни билан табриклаганингиз учун сизга самимий миннатдорлик билдираман. Ишончим комилки, давлатларимиз бундан буён ҳам Украина ва Ўзбекистоннинг дўстлиги, фаровонлиги йўлида самарали ҳамкорликни ривожлантириб, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаб бораверди. Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва украиналик болаларнинг Ўзбекистонда ҳордиқ чиқариши бўйича инсонпарварлик ташаббуслари бўйича позициянгизни юқори баҳолайман”, деб ёзган Зеленский.
Шавкат Мирзиёевнинг Владимир Зеленскийга йўллаган байрам табригида унга мустахкам соғлиқ, сиёсий фаолиятида муваффақият, украин халқига тинчлик ва фаровонлик тилаган. Аммо негадир Шавкат Мирзиёев ҳар сафар қайсидир давлат раҳбарини табриклаганда ёки таъзия билдирганда дарҳол бу ҳақда хабар берадиган Президент матбуот хизмати бу гал Зеленскийга йўлланган қутлов ҳақида маълум қилмади. Тармоқлардаги ўзбек сегменти буни Зеленскийнинг Х’даги саҳифасидан билди.
“Украинанинг миллий байрами — Мустақиллик куни муносабати билан сизни ва бутун Украина халқини самимий муборакбод этаман. Ишончим комилки, давлатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва узоқ муддатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган алоқалар келгусида ҳам халқларимиз умумий манфаатлари йўлида ривожланиб бораверди. Фурсатдан фойдаланиб, сизга мустахкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар, украин халқига эса тинчлик-омонлик ва фаровонлик тилаб қоламан”, дейилади табрикда.
Зеленский Тўқаев ва Мирзиёев билан турли даражада муносабатларга эга. Украина раҳбарига Тўқаев анча яқинроқ дейиш мумкин. Бунинг исботи сифатида яқиндагина, 10 август куни улар ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқотини келтириш мумкин. Зеленский Тўқаев билан ҳатто шахсий учрашув ҳам ўтказган. Мулоқот 2019 йил сентябр ойида Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессиясида бўлиб ўтган. Улар ўшанда олий давлат лавозимига сайланишлари муносабати билан бир-бирларини табриклашган.
Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилги табриги эса 2022 йил Россия Украинага бостириб кирганидан буён жамоатчилик ва тармоқ фойдаланувчиларига маълум бўлган иккинчи мустақиллик табригидир. 2023 ҳамда 2024 йилларда Ўзбекистон Президенти Украинанинг мустақиллик байрами билан Владимир Зеленскийни табриклагани маълум қилинган эмас.
Аммо турли даражадаги алоқалар бўлганига қарамай, Ўзбекистон ҳам худди Қозоғистон сингари Украинанинг ҳудудий яхлитлигини 1991 йилдаги чегаралар бўйича тан олади. Остона ва Тошкент Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни тан олмайди. Тўқаев буни Путиннинг қаршисида очиқлаган бўлса, Ўзбекистон ўзининг бу борадаги позициясини 2022 йилда Россиянинг Украинага босқини бошланганидан бир неча кун ўтиб, собиқ Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов баёноти орқали билдириб ўтганди.
Live
Барчаси