Зеленский сентябрда Украина армияси қанча майдонни руслардан озод қилганини айтди

Олам

image

Жорий йилнинг 1 сентябридан бери Украина Қуролли Кучлари минг квадрат километрдан ортиқ майдонни Россиядан озод қилди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилди.

“Умумий 1 сентябрдан буён минг квадрат километрдан ортиқ ҳудудимиз озод қилинди. Мен барча украиналик аскарлардан, халқимиз озодлиги учун курашаётган ҳар бир кишидан – жанубда ҳам, шарқда ҳам, фронтдаги жангларда ҳам, фронт чизиғи орқасида ғалабамизга ҳисса қўшганлардан миннатдорман. Юртимизнинг озод этилиши умумий мудофаа режасини аниқ ва ўз вақтида бажарганларнинг хизматидир”, дейди Зеленский кечаги анъанавий видеомурожаатида.

Шу билан бирга, Зеленский яна бир бор жамоатчиликни хабардор қиладиган ва ҳарбий вазият ҳақида фикр билдирувчи барчани ҳарбий воқеаларнинг тўлиқ суратини таҳлил қилишга чақирди.

Зеленскийнинг айтишича, Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш глобал озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатлайди.

“Фақат бугун портларимиздан Осиё мамлакатлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ортилган тўртта кема жўнаб кетди. Ушбу соатларда 65 минг тоннадан ортиқ буғдой ортилган кема Судан портига киради. Кеча Кения учун буғдой юк ташувчи кема жўнади – 50 минг тоннадан ортиқ. Ҳозир Одессада Ливан ва Ливия учун кемалар юкланмоқда. “Южний” портида Ҳиндистонга кетадиган кема юкланишини кутмоқда... Яъни, Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини денгиз орқали экспорт қилиш географияси жуда кенг”, дейди у.

Зеленскийга кўра, Ғалла экспорти ташаббусининг ҳар кунлик иши дон фақат Европага кетаётгани ҳақидаги ёлғонларни рад этади.

“Ғалла экспорти ташаббусининг ҳар кунлик иши том маънода Россиянинг унга нисбатан ёлғонини рад этади. Украина турли қитъалардаги истеъмолчиларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беряпти. Айнан бизнинг етказиб беришимиз глобал даражада озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатлайди”, деди у.

Эслатиб ўтамиз, Путин 7 сентябрь куни Шарқий иқтисодий форумдаги нутқида Украина дони дастлаб айтилганидек асосан ночор ва ривожланаётган давлатларга эмас, Европанинг ривожланган мамлакатларига жўнатилаётганини қоралаганди. РФ Президенти бу масалани Эрдўған билан муҳокама қилишини таъкидлади.

Маълумот учун, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Келишув кучга кирганидан кейин август ойида Украина портларидан 1,67 миллион тоннадан ортиқ озиқ-овқат экспорт қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made