Зеленский Россия армияси Шимолий Корея аскарлари билан тўлдирилаётганини эълон қилди
Олам
−
14 Октябрь
8842Шимолий Корея Россияни нафақат қурол-яроғ билан таъминлайди, балки ўз фуқароларини Россия армиясида Украинага қарши жангга жўнатади. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский фуқароларига кечки мурожаатида айтиб ўтди.
“Биз Россия ва Шимолий Корея каби режимлар ўртасидаги иттифоқ кучайиб бораётганини кўрамиз. Бу суҳбат энди фақат қуролларни узатиш ҳақида эмас. Бу суҳбат аслида Шимолий Кореядан босқинчи ҳарбий кучларга одамларни ўтказиш ҳақида”, деди Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, бундай шароитда Украина фронти ғарблик ҳамкорлардан “кўпроқ ёрдамга муҳтож”.
“Биз Украина учун кенгроқ масофа ва кучларимизни янада ҳал қилувчи таъминлаш ҳақида гапирадиган бўлсак, бу шунчаки ҳарбий имкониятлар рўйхати эмас. Бу тажовузкорга босимнинг кучайиши ҳақида, Россия учун улар бардош бера оладиганидан кучлироқ бўлади" деди Зеленский.
Октябрь ойи бошида “The Times” газетаси Россия армияси Украинага қарши урушда ҳар йили фойдаланадиган уч миллион артиллерия ўқларининг қарийб ярмини олгани ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, Украина манбаларининг “The Guardian”га маълум қилишича, КХДР ҳарбий муҳандислари Россия қўшинларига Шимолий Кореянинг КН-23 ракеталари билан Украинага зарба беришда ёрдам бермоқда.
Ўз навбатида, “The Washington Post” газетаси Украина ва Жанубий Корея расмийларига таяниб, Шимолий Корея аскарлари аллақачон Россия томонида жангларда қатнашаётганини ёзган. Бундан ташқари, КХДРдан бир неча минг ҳарбий хизматчилар кейинчалик фронтга жўнатиш учун Россия ўқув лагерларида ўқитилмоқда.
КХДР ҳарбийларини Украинага юбориши ҳақида Жанубий Корея Мудофаа вазири Ким Ён Хён ҳам айтган.
"Россия ва Шимолий Корея ҳарбий иттифоққа ўхшаш ўзаро шартнома имзолаганлиги сабабли, бундай жойлаштириш эҳтимоли катта", деган у мамлакат парламентида.
Шу билан бирга, у Украинада хабар қилинган биринчи Шимолий Корея зобитларининг Донбассда ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқат эканини ҳам инкор этмади.
20 июнь куни Россия Президенти Владимир Путин Россия Шимолий Корея ҳарбийларини Украинадаги жанговар ҳаракатларга жалб этишни режалаштирмаётганини айтди ва “бунинг ҳожати йўқлигини” таъкидлади. Бироқ 27 июнь куни КХДРнинг Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларига муҳандислик қўшинларини юбориш нияти ҳақида маълумот пайдо бўлди. Жанубий Корея ҳукуматига кўра, Москва ушбу хизматлар учун ҳақ тўлашга ваъда берган. Пентагон бундай маълумотни изоҳлар экан, Шимолий Корея аскарлари ва зобитлари Украинага юборилса, "тўп еми"га айланишини айтди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси